Таълим тарбия

ЖАНОЗА ВА ТАЪЗИЯ ОДОБЛАРИ.

ЖАНОЗА ВА ТАЪЗИЯ ОДОБЛАРИ.

Биз бутун башарият ҳаётида куни келиб йўлиқиши муқаррар бўлган мавзу – жаноза ва таъзия ҳамда унинг баъзи аҳком ва одоблари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Шариатимизда барча масалаларнинг тартиби ва ўзига хос одоблари бўлгани каби, жаноза ва азадорликнинг ҳам ўзига яраша ҳукмлари ва одоблари бор.

Аллоҳ таоло бу ҳаёти дунёни ва ўлимни инсонларни синаш учун яратгандир. Зеро, У Зот Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк сураси, 2-оят).

Фонийлик инсон ва жинларнинг, ҳатто ҳайвонларнинг тақдирига битилган бўлиб, бирор-бир мавжудот абадий қолмас. Аллоҳ таолонинг Ўзигина азалий ва абадий қолувчи Зотдир.

“(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг «юзи» боқий қолур” (Ар-Раҳмон сураси, 26-27 оятлар).

Маълумки, ҳар бир мусулмон банданинг иккинчи мусулмон биродарига нисбатан ҳақ-ҳуқуқлари бор. Чунончи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар: “Мусулмоннинг мусулмон зиммасида олтита ҳаққи бор: Қачон унга йўлиқсанг, салом бер; қачон сени (меҳмонга) чақирса, унга ижобат қил; қачон сендан маслаҳат сўраса, унга маслаҳат бер; қачон аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга жавоб қайтар; қачон бетоб бўлиб қолса, уни зиёрат қил ва қачон вафот этса, унинг (жанозасига) эргаш”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Демак, мусулмоннинг танишларидан бирортаси вафот этса, унинг жанозасига ҳозир бўлиш мазкур ҳуқуқлардан биридир. Сўнгра маййитнинг қариндошларига таъзия билдириб, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиш, мусибатга сабр қилишлари ҳақида насиҳатлар айтиш ва марҳумнинг ҳаққига раҳмат ва мағфират сўраб, дуои хайр қилиш таъзиянинг одобларидандир.

Жаноза намози фарзи кифоя бўлиш билан бирга, мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи ҳисобланади. Жанозанинг аҳамияти жуда ҳам катта бўлиб, инсон зотига бўлган эҳтиромнинг юксак намуналаридан биридир. Шу билан бирга, у шунчаки анъана, оддий одат эмас, балки шариатда белгиланган махсус ибодат ‒ намоздир. Униг фазилати ҳақида Сарвари коинот шундай деганлар: “Ким имон ва савоб умиди ила бир мусулмоннинг жанозасига қатнашса, жанозаси ўқилиб дафнидан фориғ бўлингунча турса, икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғичадир. Ким жанозани ўқиса ва дафн қилинмай туриб қайтса, бир қийрот билан қайтади” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳаёти дунёда бирор кишининг бошига бирор мусибат тушиши ёки унинг ўз аҳлидан, яқинлари ёхуд ёру-биродаридан айрилиб қолиши Аллоҳ таолонинг синовидир. Бу кўргиликларига сабр қилса, билиб-билмай қилган гуноҳларига каффорот бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Мусулмонга етадиган кулфат, машаққат, ташвиш, маҳзунлик, азият, ғам ҳатто унга кирадиган тикан сабабли Аллоҳ унинг хатоларини кечиради” (Имом Муслим ривояти).

Мусибатзада кишилар яқинлари ва ўзларига юпанч бўладиган кишиларнинг тасаллисига муҳтож бўладилар. Шунинг учун шариатимизга кўра таъзия билдирган кишига улкан ажрлар ваъда қилинган. Жумладан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Қайси бир мўмин биродарининг мусибатига таъзия билдирса, Аллоҳ унга Қиёмат куни улуғлик либосини кийдиради” (Имом ибн Можа ривояти).

Бошқа бир ривоятда: “Ким бир мусибатзадага таъзия билдирса мусибатзадага берилганча ажрга эришади” (Имом ибн Можа ва Имом Термизий ривояти).

Дафн кунидан бошлаб узоғи билан уч кунга қадар аза (мотам) тутишга шариатимиз рухсат беради. У кунлари жанозага кела олмаганлар мусибат етган хонадонга ёки таъзия маросимлари учун ажратилган жойларга келиб, маййитнинг яқин қариндошларига таъзия билдириб кетишлари мумкин.

Расули акрам саллаллоҳи алайҳи васаллам ушбу ҳадисни зикр этганлар: “Маййитни сўнгги йўлга тезроқ олиб боринглар, чунки агар у аҳли солиҳлардан бўлса, уни кутилаётган жойга тезроқ олиб бормоқ даркор. Агар бундай бўлмаса, елкангизни нохуш юкдан тезроқ холи қилган бўласиз” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Абдулвоҳид Исақов,
Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts