• Home
  • Раддия
  • АЁЛЛАРНИ ҚАБРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШЛАРИ...
Раддия

АЁЛЛАРНИ ҚАБРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШЛАРИ...

АЁЛЛАРНИ ҚАБРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШЛАРИ...

Динимизда қабр зиёратига рухсат берилган, балки тарғиб ҳам қилинган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

яъни: “Сизларни қабр зиёратидан қайтарган эдим. Энди зиёрат қилаверинглар. Чунки, у дунёдан қайтаради ва охиратни эслатади”, деганлар. (Ибн Можа ривоят қилган).

Уламолар ушбу ҳадисни қабр зиёратига рухсат бериш учун асос қилиб келтирадилар. Бироқ аёлларнинг ҳис-ҳаяжонлари эркакларникидан фарқ қилади. Шу боис китобларимизда аёлларнинг қабристонга бориши борасида бир неча хил фикрларни учратишимиз мумкин. Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи “Раддул муҳтор” китобларида ушбу масаладаги турли қарашларни келтиргач, уларнинг ортидан Хайруддин Рамлийнинг қуйидаги сўзларини келтиради:

 “Агар аёлларнинг қабристонга бориши одатдагидек, йиғлаш, қайғуларни янгилаш ва ўликларни мақтаб жар солиш учун бўлса  бу жоиз эмас. “Қабр зиёрат қилувчи аёлларни Аллоҳ лаънатласин”, маъносидаги ҳадис ҳам мана шундай аёлларга қарата айтилган. Агар ёши катта аёллар ибратланиш, йиғи-сиғи қилмай, ўтганларга раҳмат сўраш ва солиҳ инсонларнинг зиёратидан табаррук ҳосил қилиш учун борсалар, бунинг зарари йўқ. Агар ёш аёллар бўлса, уларнинг қабристонга боришлари худди масжидга боришлари каби макруҳдир”.

Аллома Ибн Обидийн ушбу ибораларни келтиргандан сўнг масалага қуйидагича хулоса ясаганлар:

яъни: “Хайруддин Рамлийнинг ушбу хулосалари мазкур масаладаги ҳар-хил сўзларни гўзал шаклда мувофиқлаштириш ҳисобланади” (“Раддул муҳтор” китоби).

Оиша разияллоҳу анҳо бундай деганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн этилган уйимга одатий уй кийимимни кийиб, номаҳрамлар олдида киядиганларимни киймай, кираверар эдим ва «Бирлари эрим, бирлари отам (Абу Бакр)ку!», дер эдим. Вақтики, у жойга Умар ҳам дафн этилгач, Аллоҳга қасамки, қачон кирган бўлсам, Умардан ҳаё қилиб, албатта, кийимбошимни боғлаб кирганман». (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога қабр зиёратига боришга изн берганлари ва у ерга борганида қайси дуони айтиши кераклигини ўргатганлари саҳиҳ ҳадисда келган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр олдида йиғлаб ўтирган аёлнинг ёнидан ўтдилар. Шунда у зот унга: "Аллоҳдан қўрқ ва (бошингга тушган мусибатга) сабр қил", дедилар. Аёл: "Нари тур! Менинг бошимга тушган мусибатни қаердан ҳам билардинг. Зеро, сени бошинга тушмаганда", деди. Сўнг одамлар аёлга бу зот Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканини айтишди. Шунда ҳалиги аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига борди ва эшик олдида қўриқчиларни кўрмади. Аёл: "Сизни танимабман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Чинакам сабр мусибатнинг дастлабки онларида сабр қилишдир", деб жавоб бердилар". (Имом Бухорий ривоят қилганлар)

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аёлнинг қабр зиёратига боргани ҳамда қабр бошида туришига эътироз билдирмадилар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон ишга эътироз билдирмасалар бу ўша ишнинг жоизлигига далолат қилади.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: "Мазкур ҳадисдаги далолат ўрни шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг қабр олдида ўтиришига танбеҳ бер-масдан унга иқрор бўлишлари бу ишнинг жоизлигига ҳужжат бўлади". («Фатҳул Борий» китоби)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг қабр олдида шариатимизда таъқиқланган дод-вой солиб йиғлашига танбеҳ бердилар, холос.

Демак, уламоларимизнинг юқоридаги сўзларидан ёши катта аёллар эркакларга аралашмаган ҳолатда, сатри авратга риоя қилиб, йиғи-сиғи қилмай, ибратланиш мақсадида қабристонга бориб ўтганларини зиёрат қилиб, уларнинг ҳақларига дуо қилиб келишлари жоиз экани келиб чиқади.


Муҳаммад Айюб Фахриддинов,  
Наманган шаҳри "Юсуфхон ўғли Қосимхон" жоме   
масжиди имом ноиби.

Related posts