Жиноят ва қоидабузарлик

ЗИНО ФАҲШДИР!

ЗИНО ФАҲШДИР!

Ислом динида оилага жуда катта аҳамият берилади. Оила ҳаёти никоҳ билан бошланади. Уйлангунча никоҳсиз яшаш динимизда ҳаромдир. Никоҳсиз эр ва аёлнинг яқинлигига зино қилиш дейилади.

Зино қилиш гуноҳи кабиралардан саналиб, барча динларда ҳаром қилинган.Чунки зино одам учун, миллат учун зарарлидир. Қуръонда Аллоҳ таоло: "Зинога яқинлашманглар.Чунки (бу) бузуқлиқдир - энг ёмон йўлдир", - деб буюради. ("Исро" сураси, 32-оят).

Пайғамбаримиз ҳам одамларни зино қилишдан қатъий равишда қайтарганлар ва бир ҳадисларида "Зино қилган киши имонли ҳолида зино қилмас", — деб марҳамат қиладилар.  Демак, зино қилган кишининг имони, зино ҳолида, у кишидан айрилади. Бу ҳол тугагач, имон яна ўзига қайтади.

Биронта ҳам миллат оиласиз давом этмайди. Шунинг учун динимиз зинони энг ката гуноҳлар қаторига киритган. Зинонинг жуда кўп зарарлари бор:

- Зино одамларнинг ва оилаларнинг обрўси, шарафига доғ туширади, ерга уради, оила ҳаётини бузади, йўққа чиқаради.

- Туғиладиган боланинг насли номаълум бўлиб қолади ёки бола никоҳсиз ота-онадан туғилади. Ислом уламолари никоҳсиз ота-онадан туғилган боланинг шафқатсиз, марҳаматсиз ва қаттиқ кўнгилли бўлишини айтадилар.

- Зино туфайли жуда кўп касалликлар одамдан одамга юқади. Ҳозирги кунда кишиларни ҳалокатга элтаётган касалликлар зино орқасида келиб чиқмокда.

- Зино одамлар ўртасидаги уришишлар, тортишувлар, ҳатто ўлдиришларга сабаб бўлади.  Одамлар тинчлигини бузади.

- Зино қалбнинг қорайишига, имоннинг заифлашишига сабаб бўлади. Зинокор ўзи сезмаса ҳам, маънавий жиҳатдан жуда кўп нарсалардан маҳрум бўлади. Имони заифланган одамнинг ибодатлари ҳам озайиб, ахлоқи бузила боради.

Ислом дини зинога олиб борувчи ботин йўлларни бекитган. Эркаклар ва аёллар орасидаги муносабатлар, танишлар, қариндошлар, яқинлар ва ёт кишилар ўртасидаги муносабатлар қандай бўлиши керак? Динимиз буларнинг ҳаммасини аён кўрсатган.

Ислом динида зино қилган одамга оғир жазолар белгиланган. Лекин зинонинг охиратдаги жазоси бу дунёдагисидан оғиррокдир. Аллоҳ таоло буюрадики: "Улар ("Аллоҳнинг мўмин бандалари) Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар.

Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса, уқубатга дучор бўлур. қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур" ("Фурқон" сураси, 68-69-оятлар).

Кишининг энг кўп гуноҳларига сабаб бўлувчи ҳамда жаҳаннамга элтувчи икки аъзоси бор.

Булар тили билан жинсий аъзоси. Бу аъзоларга ҳоким бўлувчи одамлар маънавий жиҳатдан юксак мартабаларга эришадилар. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: "Кимки икки лаби ва икки оёғи орасидаги аъзоларини ҳаромдан тийишга кафиллик берса, мен ҳам у кишининг жаннатга киришига кафиллик бераман".

 

Абдулвосеъ Муродшаев , 
Янгиқўрғон тумани “Абдуллоҳ” жоме

масжиди имом хатиби

Related posts