Жамиятнинг энг кичик, аммо энг муҳим бўғини бўлган оила тинч ва мустаҳкам бўлса, юрт обод, келажак эса фаровон бўлади. Бугунги кунда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда никоҳдан олдинги тиббий кўрик каби муҳим ислоҳотлар айнан шу муқаддас қўрғонни асрашга хизмат қилмоқда.
Бироқ, афсуслар бўлсинки, кейинги пайтларда арзимас келишмовчиликлар сабаб оилавий ажримлар сони ортиб қолди. Хўш, бугунги кунда ёш оилалар пароканда бўлишига нималар сабаб бўлмоқда? Оилавий низолар оқибатида келиб чиққан ажримлар таҳлили шуни кўрсатадики, бунга бир нечта жиддий омиллар таъсир қилади:
Оилада ўз вазифаларига масъулиятсизлик ва «талоқ» сўзига енгил қараш: айрим ёшлар жаҳл устида ёки ўйламай туриб, оила риштасини узувчи «талоқ» лафзини тилга олмоқда. Ваҳоланки, ҳадиси шарифларда ҳалол нарсалар ичида Аллоҳга энг ёмон кўрилгани талоқ экани, унинг дастидан ҳатто Арш ларзага келиши таъкидланган.
Никоҳдан олдин оила марказида ва никоҳ пайтида имом-хатибларимиз тушунтиришларига қарамай, келин-куёв ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмайдилар. Тўй қилаётган ота-оналар ва турмуш қураётган ёшлар ҳам кўпинча фақат моддий тайёргарликка эътибор бериб, маънавий етуклик, ўзаро ҳурмат ва оилавий бурчларни унутиб қўймоқдалар. Ҳолбуки, қуда бўлаётган ота-оналар фарзандларига мол-дунёдан аввал энг олий мерос — бу гўзал одоб-ахлоқни сингдиришлари лозим эди.
Оилада шошқалоқлик, манманлик ва бир-бирининг камчилигини кечира олмаслик каби ҳолатлар ҳам муносабатларга путур етказади. Қуръони карим ва ҳадисларда эр-хотин бир-бирининг бир ёмон хулқидан ранжиса, бошқа яхши фазилатларини эслаб, муроса қилиши лозимлиги уқтирилган.
Баъзан ёшларни муросага чақириб, оилани сақлаб қолиш ҳаракатини қилиши лозим бўлган катталарнинг ўзи арзимас камчилик сабаб «ажрашасан» деб туриб олиши, оила тотувлигига учинчи шахсларнинг аралашуви энг ачинарли ҳолатдир. Ваҳоланки, ота-она ва катталар фарзандининг бахтини бузишга эмас, балки уларга тўғри йўл кўрсатиб, оиласини ислоҳ қилишга масъулдир.
Бугунги кунда телефон ва интернетдан нотўғри мақсадларда фойдаланиш, ижтимоий тармоқлардаги ножоиз мулоқотлар ҳам оилавий хиёнат ва ишончсизликка йўл очиб, ажримларга сабаб бўлмоқда.
Афсуски, оилаларнинг пароканда бўлишига молпарастлик ҳолатлари ҳам сабаб бўлмоқда. Арзимаган матоҳ ва сеп-сидирға деб ёшларнинг тақдирини барбод қилиш, бахтни фақат бойлик билан ўлчаш — бу маънавий қашшоқликдир. Зеро, ҳаким зот Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳи: «Бахтсизликнинг нишонаси қуйидаги нарсаларда кўринади: бешарм, беҳаё бўлиш, кўнгли қаттиқ ва қўпол бўлиш, мол-дунёга ҳаддан ортиқ муккасидан кетишдир», — деган эканлар.
Оила — бу шунчаки бирга яшаш эмас, балки бир-бирига суянч бўлиш, синовларни бирга енгиш мактабидир. Фарзандларимизга ёшлигиданоқ оила маданиятини, сабр ва шукрни сингдирсак, жамиятимиз маънан соғлом, хонадонларимиз эса ҳақиқий бахт қўрғонига айланади.
Манбалар асосида тайёрланди
Адҳамжон Абдураҳмонов,
Поп тумани «Кичик Хўжаобод» жоме
масжиди имом-ноиби