Жаҳолатга қарши маърифат

ИШОРАИ САББОБА ҚАНДАЙ БАЖАРИЛАДИ?

ИШОРАИ САББОБА ҚАНДАЙ БАЖАРИЛАДИ?

Бугунги кунда намозхонлар орасида  ишории саббоба қандай амал ва унинг қачон қилиш керак деган саволлар кўп эштилмоқда. Ҳанафий мазҳабимизда ишораи саббоба суннат амал хисобланади. У тўғрисида бир неча хадису шарифлар ворид бўлиб қуйдаги манбаларда у тўғрисида ва қандай қилинишлиги борасида тўхталиб ўтилган. Абу Лайс Самарқандий “Навозил”, Камолиддин Ибну Ҳумом “Фатҳул қодир”, Аллома Алоуддийн Косоний “Бадоиус Саноий”, Ибн Обидийн “Раддул мухтор”, Абдулҳай Лакнавий “Умдатур риоя”, эъло ус-сунан каби мўътабар манбаларда ҳам суннат эканлиги зикр қилинган. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам намозда, яъни ташаҳҳудга ўтирсалар ўнг қўлларини ўнг тиззаларини устига чап қўлларини чап тиззаларини устига қўйиб кўрсаткич бармоқларини кўтариб ишора қилардилар чап қўллари тиззаларини устида турар эди”. Ушбу ҳадисга саҳобалар, тобеинлар, амал қилиб, ташаҳҳудда ишорани ихтиёр қилдилар. 

Имом Суютий “Жомеул кабир” китобларида Уқба ибр Омирдан ривоят қиладилар: “Киши намозида ишора қиладиган ҳар бир ишорасига ўнта ҳасанот ёзилади”, дедилар.

Ибни Обидийн “Рафъ ул тараддуд” номли китобларидаги ишораи саббоба ҳақида ворид бўлган ҳадислар, олти саҳиҳ китобларнинг ҳаммасида зикр қилинган. У ҳадисларни ҳаттоки, маънавий мутовотир дейиш дуруст бўлади деганлар.

Ишораи саббоба қилиш борасида саҳобалар, уларга эргашган тобеинлар ихтилоф қилмадилар. Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари Имом Абу Юсуф ва имом Муҳамммад, имом Молик, имом Шофиий, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда мутақаддим уламолар ишораи саббоба суннат эканлигига иттифоқ қилишган.

 Ишораи саббоба дегани ташаҳҳуддаги “ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу” деган иборани ўқиган пайтда “лаа илааҳа” деган жойида ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғини юқорига кўтаришга айтилади. Бу масалада фуқаҳолар ихтилоф қилишган. Кўпчилик уламолар бу амални суннат дейишган. Шунга кўра, бу масалада ихтилоф қилмасдан ҳар бир намозхон ўзининг устози ўргатганидек намоз ўқиб, ишораи саббоба қилганларни ёки қилмаганларни танқид остига олмаслиги лозимдир. 

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам (ташаҳҳудда) дуо қилсалар (кўрсатгич) бармоқлари билан ишора қилар ва уни ҳарактлантирмас эдилар” (Имом Насаий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадисиниг санадини Имом Нававий саҳиҳ деганлар. Мулла Алий Қорий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис шарҳида шундай дейдилар: “ Ҳадисдаги   “ дуо қилсалар” дан мурод ташаҳҳуд дуосини ўқисалар, деганидир. Чунки ташаҳҳуд ўз ичига дуони ҳам қамраб олгани сабабли, уни дуо дейиш мумкин” (“Мирқотул мафотийҳ” китоби 3-жуз  454 бет ). 

Бу ҳадиси шариф бармоқни фақатгина бир марта кўтариб,ишорада бармоқни қимирлатмаслик кераклигига очиқ ойдин далолат қилмоқда. Қолаверса,  намозда бармоқни қимирлатиш беҳуда иш бўлиб, намозда беҳуда иш қилиш макруҳдир.   

Бу масалада ҳанафий мазҳабидаги кейинги улапмоларимиз “Ҳар кимнинг устози ишораи саббобани қилишни ўргатган бўлса,қилсин, акс ҳолда уни қилмасин. Муҳими ихтилофга сабаб бўлмасин”, деб тавсия қилганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак ишораи саббобани ташаххудга ўтирганда, ташаххуд дуосини ўқиб “Ашхаду анла” деганда ўнг қўлни кўрсат бармоғини кўтарилади, “иллаллоҳ” деганда туширилади. Ташаххуд дуосини аввалидан қўлни қимирлатиб туришлик дуруст эмас. Шуни такидлаш лозимки ишораи саббоба ривоятларидан бехабар бўлиб, бу амални қилмаган намозхонни асло маломат қилинмайди.

 

Юнусхон Умаров,

Косонсой туман “Садпири Комил” жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts