Жамият аъзоларига муносабат

ИС ГАЗИ — КЎРИНМАС, ЛЕКИН ҲАЁТГА ХАВФ СОЛИБ ТУРУВЧИ БАЛО

ИС ГАЗИ — КЎРИНМАС, ЛЕКИН ҲАЁТГА ХАВФ СОЛИБ ТУРУВЧИ БАЛО

Инсон ҳаёти ва саломатлиги Аллоҳ таоло ато этган энг улуғ неъматлардандир. Уларни асраб-авайлаш, ўзимиз ва яқинларимизни турли хавф-хатарлардан муҳофаза қилиш ҳар биримизнинг муҳим масъулиятимиздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси, 195-оят).

Куз-қиш мавсумида хонадонларни иситиш учун табиий газ, электр ускуналари ва бошқа иситиш воситаларидан фойдаланиш кўпаяди. Афсуски, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида ёнғинлар, газ чақнаши ва ис газидан заҳарланиш каби кўнгилсиз ҳодисалар юз бермоқда. Айниқса, иситиш ускуналарининг носозлиги, мўриларнинг тиқилиб қолиши, шамоллатиш тизимларининг талаб даражасида ишламаслиги ва газ жиҳозларидан нотўғри фойдаланиш инсонлар ҳаётига жиддий хавф туғдиради.

Ис гази рангсиз ва ҳидсиз бўлиб, инсон ҳаёти учун ўта хавфлидир. У хонада сезилмасдан тўпланиб, қисқа вақт ичида кишининг ҳушини йўқотишига ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли иситиш мавсумида хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга ҳар қачонгидан ҳам жиддий ёндашишимиз зарур.

Ислом динида эҳтиёткорлик ва сабабларни мукаммал ушлашга алоҳида эътибор қаратилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси ухлашдан олдин олов ва чироқларни ўчириб ётишга буюрганлар. Бу муборак тавсия бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган: кечаси уйқуга кетишдан аввал газ печлари ва иситиш мосламаларининг созлигини кўздан кечириш, қўлбола ва ностандарт иситгичлардан умуман фойдаланмаслик айни суннатга мувофиқ ишдир.

Мўриконларни ўз вақтида тозалатиш, хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш ва мутахассислар кўригидан ўтказиш — бу шунчаки техник талаб эмас, балки оила аъзоларимиз олдидаги шаръий ва инсоний бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таолога таваккул қилиш аввало барча хавфсизлик чораларини кўриб қўйиш билан амалга ошади.

Айниқса, ювиниш ва ҳаммом хоналаридаги иситиш тизимларига бефарқ бўлмаслик жуда муҳим. Бу каби ёпиқ ва намлик юқори бўлган жойларда ҳаво алмашинуви етарли бўлмаса, ис гази йиғилиш эҳтимоли кескин ортади, шу боис ҳар бир детални текшириб, хавфсизлик меъёрларига қатъий амал қилиш зарур.

Маҳалла фаоллари, қўни-қўшнилар ва оила бошлиқлари бир-бирларидан хабар олиб, айниқса ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда эҳтиёжманд оилаларнинг уйидаги иситиш воситалари ҳолатини ҳам эътиборда тутсалар, кўплаб бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинган бўлур эди.

Шунингдек, фарзандларимиз ва кексаларимизга газ ва электр жиҳозларидан тўғри фойдаланиш қоидаларини доимий равишда тушунтириб боришимиз лозим. Бир кишининг бепарволиги нафақат ўзи ва оиласи, балки қўни-қўшниларининг ҳам ҳаёти ва саломатлигига хавф туғдириши мумкинлигини унутмайлик.

Шундай экан, ҳар биримиз хонадонларимизда хавфсизлик чораларини кўрайлик, оила аъзоларимиз ва яқинларимизни ҳам эҳтиёткорликка чақириб, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшайлик. Аллоҳ таоло барчамизни, оила аъзоларимизни ва юртимизни турли бало-офат ва фожиалардан Ўз паноҳида асрасин.

Пахридин Юсупов,
Наманган туман бош имом-хатиби

Related posts