Жамият аъзоларига муносабат

ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК

ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК

Инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю халқ фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган. Аллоҳ таоло бандаларини урушишга, бир-бирларининг қонини тўкишга, можаролар чиқаришга эмас, қандай дин ва эътиқодда бўлишдан қатъий назар аҳилликда, бир-бирларига бағрикенгликда, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаган ҳолда яшашга буюрган.

Халқимиз қон-қонига сингиб кетган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мустақиллик йилларида янада ривожланди ва унинг ҳуқуқий асослари яратилиб, миллий сиёсатда мустаҳкам ўрнини топди. Бу сиёсатга ҳамда миллий ғоя негизига бир жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган 130 дан зиёд турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ҳамда 16 конфессияда мужассам бўлган эътиқод аҳллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг мустаҳкам пойдевори асос қилиб олинган.

Исломда бағрикенг бўлишнинг бир қанча кўринишлари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзилари баён қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида бошқа дин вакилларига зулм қилмасликка ва уларнинг ҳаққига риоя қилишга чорлаганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Ким бир аҳдлашган (бошқа дин вакили) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса, ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага буюрса, ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, Қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Шунингдек, мусулмон киши бошқа дин вакилларига ҳадя бериши ёки улардан ҳадя қабул қилиши, меҳмон бўлиши ёки уларни меҳмон қилиши, қўни-қўшничилик муомаласини қилиши, улар билан олди-сотди қилиши ва қарз олди-берди каби муомалаларни қилиши дурустдир. Фақат бундай ҳолатларда ҳам мусулмон киши шариат кўрсатмаларига амал қилиши талаб қилинади.

Ўз динининг талабларини тўлиқ англаган аждодларимиз тарихини ўрганадиган бўлсак, юртимизда ҳеч қайси даврда бошқа дин вакилларининг ибодатхоналари вайрон этилмаган, балки ҳимоя қилинган; ислом ўлкаларида ҳар бир дин вакилига эркинлик таъминланган, бирорта шахс томонидан ўз ақидасининг бошқаларга мажбурлаб сингдирилишига йўл қўйилмаган. Бағрикенглик борасида ўзбек замини азалдан намуна бўлиб келган.

Демак, Ислом дини мусулмонларни бошқа дин вакилларига яхши муомала ва муносабатда бўлиб яшашга буюрган. Неча асрлардан бери бу тарғибни тўғри тушунган ва амал қилган халқлар бошқа дин вакиллари билан ёнма-ён тинч-тотув яшаб келадилар. Хусусан, бизнинг юртимизда ҳам шундай бўлиб келган. Динимизнинг мана шундай кўрсатмаларига қарамасдан, бошқа дин вакилларига нисбатан адоват қўзғатадиган фикрлар тарқатиш, уларнинг эътиқодларига тоқатсизлик, ҳаммани ўзидек фикрлашга мажбур қилишга уринишлар учраб туради. Ваҳоланки, мусулмон киши ўзининг фикри бўлиши билан бир қаторда бошқаларнинг фикрига ҳам ҳурмат билан ёндошади.

Яратган Роббимиз азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларни, миллат ва элатларни тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, она Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин! Омин!

Олимхон Исаков,
Уйчи тумани бош имом-хатиби

Related posts