Оила — инсон учун энг азиз ва муқаддас қўрғон. Унда ҳар бир инсоннинг ўз ўрни, вазифаси ва масъулияти бор. Оилага янги келин келиши эса нафақат икки ёшнинг ҳаётида, балки бутун бир хонадон ҳаётида янги саҳифа очилишидир. Чунки Аллоҳ таоло ислом шариатида эр хотин бўлиб яшашликка буюрган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Рум сураси 21-оятида марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.
Афсуски, бугунги кунда баъзи оилаларда келиннинг янги хонадонга мослашиши ўзаро меҳр ва ҳурмат билан эмас, балки талаб, босим, танқид ва келишмовчиликлар билан бошланмоқда. Натижада қайнота, қайнона ва келин ўртасидаги муносабатлар мураккаблашиб, баъзан бутун оиланинг тинчлигига путур етмоқда.
Мана шу ўринда оилада куёв барча ҳолатларни назоратга олишлиги, келинни ёнида гўёки унга тиргак, ёрдамчи бўлишилиги талаб қилинади. Чунки келин у ҳонадонга айни куёвга жуфт ҳалол бўлиб келган. Шундай экан, куёв ўртада туриб, бир тарафда аёлини иккинчи тарафда эса ота онасини риоясини қилмоғи даркор.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадиснинг маъноси шундай: "Сизларнинг энг яхшиларингиз хотинларига яхшиларингиздир".
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир”.
Қайнота — оиладаги катта, ҳаёт тажрибасига эга, фарзандлар ва келинлар учун ибрат бўлиши керак бўлган инсон. Аммо баъзида қайнотанинг ўзи ҳам келинга нисбатан ортиқча талабчанлик, камситиш ёки ноҳақ аралашувларга йўл қўяди. Айрим ҳолларда эса келиннинг шахсий ҳаёти, кийиниши, юриш-туриши ва ҳатто ўз ота-онаси билан муносабатларигача аралашиш кузатилади. Бундай пайтда бир нарсани унутмаслик керак: келин бу хонадонга хизматкор бўлиб эмас, ўғлингизнинг ҳаёт йўлдоши, оиланинг янги аъзоси бўлиб келган. Қайнота ўз хонадонидаги ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила билиши, низоларда тарафкашлик қилмасдан, ҳақиқат томонида туриши лозим.
Қайнона ҳам бир вақтлар келин бўлган. У ҳам бир хонадонга умид билан келган, қайнонасидан меҳр ва яхши муомала кутган. Шундай экан, бугун ўз келинига нисбатан ҳам ўша орзу қилган муносабатини кўрсатиши керак эмасми? Келинни ўз қизидек қабул қилиш, унинг камчилигини одамлар олдида эмас, ёлғиз қолганда мулойимлик билан тушунтириш, меҳнатини қадрлаш ва кўнглини кўтариш қайнонанинг юксак фазилатларидандир.
Ўғлини келинига рашк қилиш, уларнинг ўртасига совуқчилик солиш, ҳар бир масалада ўзининг гапи ўтишини талаб қилиш оилага бахт олиб келмайди. Арзимас нарсаларда ҳам келинни доимий равишда айбини топишлик албатта оилада низо келтириб чиқаради.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни ҳурмат қилмаган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаган киши биздан эмас” (Имом Термизий ривояти).
Келин ҳам ўз масъулиятини унутмаслиги керак. Янги хонадонга келган инсон сифатида катталарни ҳурмат қилиш, муомалада одобни сақлаш, оиладаги яхши анъаналарга ҳурмат билан қараш муҳимдир.
Қайнота ва қайнонага ширин сўз айтиш, уларнинг кўнглини олиш, имкони даражасида ёрдам бериш инсоннинг гўзал хулқидан дарак беради.
Ислом дини ота-онага яхшилик қилишни, инсонлар билан гўзал муомалада бўлишни ва адолатни маҳкам тутишни буюради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас. Нисо сураси, 36-оят
Хурматли қайноталар! Келинингизга ўз фарзандингизнинг оиласига кирган инсон сифатида қаранг. Адолатли бўлинг, унинг қадр-қимматини сақланг, хонадондаги низоларни кучайтирувчи эмас, бартараф этувчи инсон бўлинг.
Хурматли қайноналар! Келинингизга меҳр беринг. Унинг ҳам онаси, отаси, орзу-умидлари борлигини унутманг. Уни ўзингизга рақиб эмас, оилангизнинг бир аъзоси деб билинг.
Эй келин! Катталарни ҳурмат қилинг, ширин сўзингиз ва гўзал хулқингиз билан оилага файз киритинг. Аммо ўз қадрингизни ҳам асранг.
Эй ўғил! Ота-онангиз ва рафиқангиз ўртасида адолатни сақланг. Бирининг кўнглини олиш учун иккинчисининг қалбини оғритманг.
Аллоҳ таоло барча хонадонларимизни низо ва келишмовчиликлардан асрасин. Оилаларимизга меҳр-оқибат, сабр, инсоф ва барака ато этсин. Омин!
Авазбек Юсупов,
Давлатобод тумани “Ғози Муҳаммад ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби