Жаҳолатга қарши маърифат

АҲЛИ СУННАТ ВА ЖАМОАТ МАЗҲАБИДА ТУРУВЧИЛАРНИНГ АЖРУ САВОБЛАРИ ТЎҒРИСИДА.

АҲЛИ СУННАТ ВА ЖАМОАТ МАЗҲАБИДА ТУРУВЧИЛАРНИНГ АЖРУ САВОБЛАРИ ТЎҒРИСИДА.

Билингки, аҳли суннат вал жамоатда бўлишнинг савоби ва мукофоти кўпдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Ким умматим фасод бўлган пайтларда менинг суннатимни маҳкам ушласа, унга юзта шаҳиднинг савоби бўлади”. Яъни халқ орасида бузғунчилик пайдо бўлиб, бидъатчи гумроҳлар кўпайган вақтда, ҳар бир киши менинг суннатимга чанг урса, аҳли суннат ва жамоат  мазҳабида турса, унинг номаи аъмолига юзта шаҳиднинг савоби ёзилади. Бошқа ривоятда эса унга минг шаҳиднинг савоби битилади, дейилган.

Сохта салафийларнинг даъватига учиб “шаҳид” бўлиш ниқоби остида мусулмонларнинг қони тўкаётган, биродаркушлик урушларида қатнашиб ҳалок бўлаётганлар асло шаҳид бўлолмайдилар.

 Имом Носириддин Абул Қосим Самарқандий раҳимаҳуллоҳнинг “Ақоид” китоби таржимасида келтирилади: “Ҳеч ким уммат ижмо қилган нарсага хилоф қилмасин, риоя қилсин, ҳар жойда бўлсада намозни жамоат билан ўқисин. Сирот кўпригидан яшиндек ўтиб кетади. Қиёмат куни унинг юзи ўн тўрт кунлик ойдек порлаб туради. Шундай экан, эй биродар сенга бу охир замон қоронғулигида ўз динингни нафси ҳаво талабидан ва бидъатлардан эҳтиёт қил сақла, зероки йўл йўқотганлар ва бидъатчилар кўпайиб бидъатлар ошкора бўлиб бормоқда. Нафси ҳавосига берилганлар, бемазҳаблар суннийлар билан, покмазҳаблар билан аралашиб кетди. Уларнинг суҳбатларидан ҳазар қил, қочки сени ҳам йўлдан адаштириб, йўл йўқотганлардан қилиб қўймасинлар”. 

Бир неча юз йиллар аввал айтилган бу ҳакимона сўзлар бугун бизларни,
 айниқса бугунги ғўр ёшларимизни асрлар ортидан туриб огоҳлантирмоқда. Ҳа, замонавий алоқа воситалари,ижтимоий тармоқ ниҳоятда ривожланиб, телефон, компютер билан тармоқнинг нариги томонидаги одамни кимлигини билмасдан ундан дин деб қабул қилинмоқда. Лекин тарқатилаётган аксар маълумотлар ўша қадимий адашган тоифаларнинг бугунги давомчилари – бадмазҳаблар ва бидъат аҳилларининг динни бузилишига қилаётган кўр-кўрона “мададлари” холос. Ҳеч ким ўз яқинини касал бўлганда рўпара келган одамга кўрсатиб даволаб беринг демайди.балки ўз ишининг устаси бўлган докторга мурожаат қилади. Дин масаласи ҳам бу дунё ҳам охират масаласидир. Икки дунёда муваффақиятга эга бўлай деган инсон кимлиги қаерда ўқиганлиги диний соҳада қанча хизмат қилганлиги номаълум инсонлардан динини олмаслиги лозим бўлади. 

Ваҳолонки, “Мишкотул-Масобиҳ”да Иброҳим ибн Майсара ривояти билан ушбу ҳадис келтирилади: Пайғамбар алайҳис-салом айтдилар: “Ким бидъат соҳибини ҳурмат қилса, гўёки исломни бузгандек бўлади”...Нақл қилишларича, бир киши: “Оҳ нима қилсам экан, оҳ нима қилсам экан, дер эди. Уни бир улуғ зот эшитиб қолдилар ва: Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қадам қўясан, аҳли суннатнинг этагидан тутасан, чунки улар нажот топувчилар тоифасидандирлар. Буни пайғамбар алайҳиссалом айтганлар, у зот айтганларки: Тез кунда менинг умматим етмиш икки бидъат ва залолат аҳлларига бўлинадилар, улардан биригина нажот топадиган бахтлилар тоифасидан бўлади, дедилар. Саҳобийлар: Улар кимлар Эй росулуллоҳ!- дедилар. Набий алайҳиссалом: Мен ва менинг дўстларим турган нарсада турадилар, яъни аҳли суннат вал жамоат бўладилар, дедилар.

Демак аҳли суннат вал жамоат мазҳабидан бири ва энг кўп мусулмонлар эътиқод қиладиган ҳанафий мазҳабига амал қилиб эътиқод қилиб, ибодатларимизни шу мазҳаб доирасида бажарсак тўғрироқ бўлади ва икки дунёда нажот ва муваффақиятга эришамиз.

Муҳаммад ибн Шайх Муҳаммад Рабҳомийнинг “Риёзун-носиҳин” асаридан таржима ва изоҳлар муаллифи Адхамжон Абдураҳмонов, Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме масжиди имом ноиби 

Related posts