Жамият аъзоларига муносабат

ҚАБРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ

ҚАБРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ

Муқаддас динимиз вафот этиб кетган ота-оналаримизни, яқин қариндошларимизни, устозларимизни ҳамда дўсту ёронларимизни эслаб, уларнинг ҳақларига дуойи хайрлар қилиб туришни буюради. Марҳумларга қилган дуоларимиз, садақа ва эҳсонларимиз савоби етади. Уларнинг яхши сифатларини ва ўрнак бўладиган жиҳатларини гапириб, инсонийлик юзасидан қилиб қўйган баъзи камчиликларини гапирмаслик мусулмонларнинг бир-бирларига бўлган ҳурматлари ифодасидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларига ўтганларнинг яхши сифатларини эслаб, ёмонликларини гапирмасликни тавсия қилганлар. 

Халқимизда “Олтин олма, дуо ол”, деган нақл бор. Бир-биримизнинг ҳақимизга, хоссатан, вафот этиб кетганларимизга кўпроқ дуо қилайлик. Ўтганларни эслаш, уларнинг қабрларини зиёрат қилиш ўлимни, қабр ва охират ҳолатларини эслатади. Бир-биримиздаги ҳақларни адо этишимиз ва охиратни эслаб туришимиз учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларга тавсия қилиб: “Қабрларни зиёрат қилинг. Бу охиратни эслатади”, дея марҳамат қилганлар». Қабрлар зиёратидан Аллоҳ таолонинг розилигини, қалбни ислоҳ этишни қасд қилиш керак. Қабрларни зиёрат қилган инсоннинг қалби юмшайди, ўлимни ва охиратни эслайди. Маҳшардаги ҳисоб-китобни ўйлаган киши, ким бўлишидан қатъи назар, қилган ёмонликларига пушаймон бўлади. Қолган ҳаёти хусусида жиддий ўйлайди, ёмонликлардан ўзини тияди, савобли ва хайрли ишлар қилишга интилади. Қабрларни зиёрат қилиш душманчилик, нафрат, гина-кудурат каби салбий ҳолатларнинг йўқолишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, у (қабр)ни зиёрат қилишда эслатма бор”, деб айтганлар.

Ўтганларни ҳурмат билан ёдлаш қон-қонимизга сингиб кетган. Бундай ҳурмат намунасини, мисол тариқасида, буюк бобомиз Амир Темур қилган ишларда кўришимиз мумкин. Соҳибқирон Амир Темур Аҳмад Яссавий ва Қаффол Шоший каби улуғ зотларнинг қабрлари топталиши олдини олиш мақсадида мақбаралар қурдирган.

Айни пайтда, ушбу ҳурматнинг узвий давомини эса муҳтарам Президентимизнинг маданиятимиз ва миллий маънавиятимизни қайта тиклаб, асл ҳолига қайтариш борасида олиб борилаётган ишлар бошида ўзлари турганлигида кўрамиз. 

Динимизда қабрларни зиёрат қилиш мандуб, яъни, тарғиб қилинган амал ҳисобланади. Лекин зиёрат қилиш асносида қабрларни беҳуда топташ, улардан ёрдам талаб қилиб, бирор нарса сўраш, қабрни силаш, ўпиш ва тавоф қилиш, чироқ ёқиш, дарахтларга ип боғлаш каби бидъат амалларни бажариб, савоб олиш ўрнига гуноҳга қолишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки буларнинг барчаси бошқа дин вакилларининг одатларидан ҳисобланади. Шу боис зиёратгоҳларга мутасаддиларимиз ва имом-хатибларимиз бу ишлар Исломга зид эканини доимо уқтириб боришлари зарур. Зеро, Ислом динимизда фақат Ҳажарул асвад (Қора тош) ўпилади ва Каъбадан бошқа жой тавоф қилинмайди.

Динимизда қабрлар бошида қаттиқ овоз чиқармасдан, Аллоҳ таолога шикоят қилмасдан йиғлашга рухсат берилади. Зеро, вафот этган яқинини, айниқса, ота-онаси қабрини зиёрат қилган ҳар қандай кишининг қалби юмшаб, беихтиёр кўзига ёш келади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га оналарининг қабрини зиёрат қилишга Аллоҳ таоло изн берганида, бориб зиёрат қилганлар. Қабрлари тепасида йиғлаганлар. Умар (розияллоҳу анҳу): “Сизни нима йиғлатди, Расулуллоҳ?” деб сўраганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзанднинг онасига бўладиган меҳрибонлиги йиғлатди”, деб жавоб берганлар.

Манбалар асосида тайёрланди.

Ғуломжон Саттаров,
Наманган тумани “ал-Масжидун Набавий” жоме
масжиди имом ноиби

Related posts