Ҳаёт тақозоси билан инсонлар доимо бир-бирлари билан турли хил молиявий муомала қилишга муҳтождирлар. Лекин бу алоқада мақсадни ҳалол йўллар билан амалга ошириш, ҳаром йўллардан четланиш ва бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик шартдир. Ислом дини доимо адолатли бўлишга ва ўзганинг ҳаққини ноҳақлик билан емасликка буюради.
Аллоҳ таоло: «Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”, деб мархамат қилади. (Нисо сураси, 29 оят) Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, товламачилик ва бошқалар киради.
Бировнинг молини ейиш деганда фақатгина шахслараро деб тушунилмаслиги керак.
Кундалик эҳтиёжимиз учун фойдаланадиганимиз табиий газ, электр токи, сувни олиб кўрайлик. Одатда бу неъматлар бизнинг хонадонимизга етиб келгунича қанчадан-қанча ҳаражатлар қилинади. Қолаверса, уларни доимий бўлишини таъминлан учун ҳам миллионлаб маблағлар сарфланади. Сарф қилинган маблағлар ўз жойига қўйилмаса, бутун халқ мазкур неъматлардан фойдаланиши тўхтайди. Бунинг учун эса икки томонлама шартномалар тузилади. Яъни таъминловчи ва истеъмолчи ўртасида. Тузилган шартнома шаръан бажарилиши шарт.
Шундан келиб чиқиб агар истеъмолчи ишлатган нарсасини ҳаққини тўламаса, нафақат таъминловчи ташкилотни балки, халқнинг мулкини ҳаром йўл билан ўзлаштирган бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир ишлатилаётган нарсаларга уларни ҳисоблагичлар ўрнатилаган. Демак ҳисоблагичда кўрсатилган рақамларга қараб, ишлатилган газ, ток, сувларнинг нархлари чиқарилар экан, бунинг бирор чақасига ҳам хиёнат қилмасдан тўлаш лозимдир. Акс ҳолда кимлардир ўзининг мавқеи, мансаби ёки яна қандайдир имтиёзларидан фойдаланиб ёки муттаҳамлик қилиб истеъмол қилинган газ, сув, иссиқлик ва электр қуввати ҳаққини ўз вақтида тўламаса, аввало, халқнинг ризқини қийилишига, баракани кўтарилишига ва ҳаттоки маълум бир минтақаларни газ, ток, ва сувсиз қолишига сабабчи бўлади. Қолаверса, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам жавоб беради.
Масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор. Бунда истеъмолчилар ўзлари тўлаши керак бўлган маблағларни тўлиғича тўлайди, лекин таъминловчиларнинг ташкилот аъзоларидан баъзи бирлари ўзининг вазифасини суиистеъмол қилиб, тўланаётган маблағларни маълум қисмини керакли жойга етказмасдан ўзининг ҳамёнига уради. Ёки бир маҳалладаги баъзи бир кимсалар уй-жойлари кенг ва катта бўлганлиги туфайли газ ва ток ва сувларни ҳисоб-китобсиз даражада ишлатади ва исроф қилади. Тўловга келганда эса ундан бош тортишга ҳаракат қилади.
Бу каби ноҳақликлардан узоқда бўлиб, давлат олдидаги зиммамизда турган тўлов ва солиқларни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилайлик.
Аллоҳ таоло ижтимоий ва иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳаларида ҳалоллик ва покликка риоя қилиб яшамоғимизга муваффақ айласин. Омийн!
Осимхон Мухиддинов,
Янги Наманган тумани “Ҳазрати Билол” жоме
масжиди имом-ноиби