Байрам ва марака маросимлари

ВАТАН ҲИМОЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧ.

ВАТАН ҲИМОЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧ.

Яратганга шукроналар бўлсинки, Юртимиз тинч, ҳаётимиз осойишта, кунларимиз ёруғ, тунларимиз осуда. Узоқ сафарларга кетиб, бир неча кун мусофир бўлсак ҳам, ҳар куни эрталаб кетиб, кечқурун ишдан қайтсак ҳам, уйдагилардан кўнглимиз хотиржам. Болаларимиз боғчага, мактабга ўзлари бориб, ўзлари келишяпти, улардан ҳам кўнглимиз тўқ. Шу ўринда, тинчлик нақадар улуғ неъмат эканини англаб етасан киши. Ҳақиқатан ҳам, тинчлик бебаҳо неъмат. Уни сақламоқ, авайламоқ, керак бўлса бу йўлда жон фидо қилиш шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Таъкидлаш жоизки, осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, азиз болажонларимизнинг қувноқ кулгиси, ота-оналаримизнинг фаровон умр кечириши юртимиздаги барқарорлик – тинчлик туфайлидир.

Тинчликнинг қадрига етиб яшаш керак. Шу азиз Ватан барчамизники экан, уни авайлаб-асраш ҳам барчамизнинг чин фарзандлик бурчимиздир. Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ севгиси мустаҳкам жой олган, шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар. "Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди".

Ватан ҳимоячиси дегани, энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигитларимиз ҳар томонлама, жисмоний ва маънавий жиҳатлардан лойиқ бўлишликни яхши англайдилар ва шу сифат ва хислатларни эгаллашга ҳаракат қиладилар, зеро улар Ватан ҳимояси хаёт-мамот масаласи эканини, уларнинг туриш-турмуши, эл-юрт тақдири шу нуқтада туташишини англаб етганлар. Улар аввало ўз ота-оналарини, ака-укаларини, опа-сингилларини ҳимоя қиладилар. Ўзлари туғилган шаҳар, қишлоқларни, қавму-қариндошлари, бир сўз билан айтганда Она-Ватанни қўриқламоқдалар. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Аксинча, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши муҳимдир. Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар - ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан ғанимларга раддия бериш билан Ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур. Бу ҳам иймоний бурчга киради. Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Динимиз таълимотларида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

"Молини, жонини, динини, аҳлини ҳимоя қилиш   йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир", —  деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти). Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди. Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини саклаш учун уни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмаслиги барчага маълум. Халқимизда "Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл" деган ҳикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она-Ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди. 

Ҳакимлар айтадилар: "Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади". Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади. 

 

Манбалар асосида тайёрланди. 

 

Паҳриддин Юсупов, 
Наманган туман бош имом хатиби 

Related posts