Ақидадан адашмайлик

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ЭЪТИҚОДИ

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ЭЪТИҚОДИ

Ақида – эътиқод масаласи динимизнинг таянч устунлари ҳисобланади. Ибодатларимиз, хайрли амалларимизнинг Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши айнан эътиқодимизнинг тўғрилигига боғлиқдир. Шу сабабли уламолар ақида илмига жиддий эътибор қаратиб, унинг ҳар бир масаласини шарҳлаб беришга ҳаракат қилганлар. Маълумки, дунёдаги мусулмонларнинг аксарияти, жумладан Ўрта Осиё мусулмонлари ва бизнинг юртдошлар ҳам Қуръон ва ҳадисдаги ақидавий масалаларни тушунишда Аҳли сунна вал жамоанинг Мотуридий ақидаси ва ҳанафий мазҳабидамиз.

“Аҳли сунна вал жамоа” арабча ибора бўлиб, “Суннат (ҳадис)га амал қилувчи ва жамоатга эргашувчи кишилар”, деган маънони англатади. Аҳли сунна вал жамоа ким дейилса, улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, илмда пешво саҳобаи киромлар, чор ёрлар яъни, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али разияллоҳу анҳум ва тобеъинларнинг тутган йўлларини маҳкам ушлаганлардир, деб жавоб берилади. Аҳли сунна вал жамоа атамаси исломнинг дастлабки даврларида машҳур бўлмаган. Балки ўзларини турли номлар билан атаган адашган фирқалар кўпая бошлагач, Аҳли сунна вал жамоа атамаси юзага чиқди.

Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга умматларининг етмиш уч фирқага бўлиниб кетишлари билдирилган. Бу ҳақда  У зот алайҳиссалом шундай хабар берганлар:

 “Яҳудийлар етмиш бир фирқага бўлиндилар. Уларнинг биттаси жаннатда етмиштаси дўзахда. Насоролар етмиш икки фирқага бўлиндилар. Уларнинг етмиш биттаси дўзахда, биттаси жаннатда. Аллоҳга қасамки, менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинадилар. Уларнинг биттаси жаннатда, етмиш иккитаси дўзахдадир”. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг расули! У биттаси кимлар?”, дейилди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Улар жамоадир”, дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Уламоларимиз ҳадисдаги     “жамоат”дан мурод Аҳли сунна вал жамоа йўналиши назарда тутилади, деганлар. 

Ушбу ҳадиси шарифда фақат битта жамоа тўғри йўлдан оғишмасдан нажот топишлари хабари берилган. Бу жамоанинг қандай сифатда бўлиши ҳақида бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

      “Умматим асло залолат устида жамланмайди. Шунинг учун қачон ихтилоф кўрсаларингиз “саводул аъзам” билан бирга бўлинглар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Ушбу ҳадисдаги “Саводул аъзам” калимаси “улкан жамоа” маъносига тўғри келади. Уламоларимиз “улкан жамоа” дан мурод Аҳли сунна вал жамоа йўналишидир, – деганлар.

Дарҳақиқат, Аҳли сунна вал жамоа ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисмини ташкил қилган.

Ватандошимиз Абу Қосим Ҳаким Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ (Имом Мотуридийнинг шогирдларидан бири) ўзларини “Саводул аъзам” китобларида Аҳли сунна вал жамоага мансуб бўлган кишиларнинг олтмиш иккита хислатларини баён қилган. Уларнинг айримлари қуйидагилардир:

 Мусулмон киши модомики қилган гуноҳини ҳалол санамас экан, уни кофирга ҳукм қилмаслик;

 Ноҳақ равишда бирорта мусулмонга қарши қурол кўтармаслик;

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини ҳақ деб билиш;

Авлиёларнинг кароматларини инкор этмаслик;

Аллоҳ таолога макон исбот қилмаслик.

Афсуски, ҳозирги кундаги ўзини Аҳли сунна вал жамоаданман деб даъво қиладиган кимсаларнинг баъзиларида ушбу хислатлар умуман топилмайди.

Демак, ҳозирги кунда ҳам катта жамоат – эътиқодда Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий мазҳаблари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар (Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий) мазҳабларга эргашганлардир. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли суннат ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас. 

Фиқҳий мазҳаблар шаклланиб бўлгандан кейин бузғунчи ақидавий фирқалар чиқиб, мусулмонлар оммасининг ақидасига футур етиш хавфи туғилди. Мусулмон уммати учун ана шундай ўта таҳликали бир пайтда тўғри йўлдаги ақидавий мазҳаб бўлишига эҳтиёж туғилди. 

Натижада 3-4-ҳижрий асрларда Мотуридия ва Ашъария ақидавий мазҳаблари шаклланди. Ислом олами бир овоздан Имом Мотуридий ва Имом Абулҳасан Ашъарийни Аҳли сунна вал жамоанинг ақида бўйича имомлари деб тан олди. Абу Мансур Мотуридий ва Абул Ҳасан Ашъарий Аҳли суннанинг ақоид бобида имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган .

Минг йиллардан бери мусулмонлар маҳкам тутган мана шундай йўналишларда барчамиз собит туриб, фарзандларимиз ва ёш авлодга ушбу тушунчаларни синдиришимиз айни муддаодир. Ёшларимиз ўз эътиқоди ва мазҳабини яхши билса, ҳар хил оқим аъзолари уларни чалғита олмайди ва тўғри йўлда бардавом бўладилар, иншаллоҳ.

Абдурахманов Мухаммадхон,
Наманган шаҳри “Мулла Исмоил” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts