Таълим тарбия

ТАЪЗИЯ БИЛДИРИШ ОДОБИ

ТАЪЗИЯ БИЛДИРИШ ОДОБИ

Мусибат  ҳолатига  ҳар бир мусулмон фарзанди учраши табиий бир ҳол бўлгани учун ҳам унга одобни сингдирмоқ лозим. Инсон ҳаёт экан, ўлим соя солиб туради. Ҳар бир киши ота-онаси, яқини, қадрдони, азизи ёки дўсту биродарини бир кун келиб йўқотади. Мусибат хонадонга бориб таъзия билдирмоқнинг ўзига хос тартиб-қоида ва одоб-ахлоқлари мавжуд бўлиб, уларни ўрнида қўллаш лозимдир. Мусибат етган ҳолатда   Агар бир киши биродарининг вафот этганини эшитса: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», дейиши керак.   Аҳли мусибатга хоҳ дафндан илгари, хоҳ дафндан сўнг, таъзия изҳор қилиш мустаҳаб. Тобут олиб кетаётган кишиларга сукут вожибдир. Бу ҳолда зикр ва фикрга машғул бўлиш мустаҳаб. Аёлларнинг тобут орқасидан чиқишлари макруҳдир.   Аҳли мусибат овоз кўтариб йиғламаслиги лозим бўлади. 

Ибн Можа ва Байҳақий Амр ибн Ҳизомдан розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши мусибат етган биродарига таъзия билдирса, Аллоҳ азза ва жалла уни азизлик либоси билан безайди”, дедилар.

  Дафн маросимидан олдин бўладими ёки уч кунлик аза давомида, аҳли маййитларнинг барчаларига таъзия билдириш жоиз бўлади. Аммо имкон қадар эшитиши билан дарҳол таъзия изҳор қилишга шошилиш лозим. Бироқ сафарда ёки шунга ўхшаш сабаблар туфайли кечиккан одам уч кундан кейин ҳам таъзия бил­дириши мумкин.

Уламолар маййитнинг ёш қизига ва аёлига таъзия билдириш фақат маҳрамларига жоиз деганлар.   Таьзия сўзларини айтиш   Имом Нававий “Азкор” номли китобида келтиради:   Таьзия  билдиришнинг энг яхшиси Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу дан   ривоят қилинади. “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларидан бирига унинг фарзанди вафот этгани ҳақида хабар бериш учун бир кишини юборди. Хабарчига: «Бориб айтгин, албатта, Аллоҳ ў зи бериб, яна ўзи олди, ҳар нарсанинг ўз ажали бордир”, деб уни сабрга буюргин ва у албатта савоб олади…» дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Имом Нававий ҳазратлари айтади:   Таьзия лафзида ман қилинган лафз йўқ, яъни ҳар қандай тасалли берадиган сўз билан таъзия билдириш мумкин.   Аммо  саҳобалар таъзия билдиришда: “Аллоҳ ажрингни улуғ қилсин, сабрингни гўзал қилсин ва вафот этганни мағфират қилсин”, дейишни мустаҳаб санаганлар.   Мусибат  аҳлига таом пишириш мустаҳаб   Ислом шариати азадор хонадон аҳлига таом пишириб беришни мустаҳаб ҳисоблайди. Чунки бу амалда кўп яхшиликлар, саховат, меҳру оқибат мавжудлиги боис ўтган салафларимиз ва аждодларимиз одат тусига киргизганлар. Қолаверса, маййит соҳиблари мусибат туфайли толиқишган ва аза кунлари (уч кун) таъзия билдирувчилар ташрифи билан банд бўладилар. Абдуллоҳ ибн Жаъфар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаъфар оиласига таом пиширинглар, чунки бошларига уларни банд қилиб қўядиган иш тушди”,   дедилар (Абу Довуд ва Ибн Можа ва Термизий ривояти).  

Барча мазҳаб уламолари маййит аҳлларига жаноза ва аза кунларида таъзия билдириш учун ташриф буюрганлар учун таом пиширишнинг макруҳлигига иттифоқ қилганлар.   Жарир (розияллоҳу анҳу): “Маййитни дафн қилганидан сўнг маййит аҳлига йиғилиб туришни ва таом пиширишни  ўлганга дод солиб йиғлашдан деб ҳисоблардик”, деди. 

Таьзия билдирувчи Қуръони карим тиловат қилинаётганида сукутга чўмиб эшитиш;     Таьзия қабул қилувчиларга мусибатга хос сўзлар билан ҳамдардлик билдириб, тасалли бериш;    жаноза намози ўқилгунга қадар бироз муддат туриш ёки ўтиришни вазият тақозо этса, соҳиблар кўрсатган жойга ўтиб, маъюс қиёфада бўлиш.

Таьзия изҳор қилувчи қуйидаги ҳаракатлардан сақланади:    кулишдан, табассум қилишдан ёки ҳазил хатти-ҳаракатдан;    ҳамдардлик билдиришда ноўрин сўзларни айтишдан. “Суянган тоғдан айрилибсизлар”, “Беажал кетибди бечора”, “Аттанг, ўладиган ёшда эмасди” қабилидаги гапларни айтиш шаръан ножоиз, уни айтган киши гуноҳкор бўлади.    

Т аъзия изҳор қилувчилар аза хонадонида узоқ қолиб кетмайдилар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотимага розияллоҳу анҳо: “Эй Фотима, нима сени уйингдан чиқарди?” дедилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо: “Бу маййитнинг аҳлига бордим, уларга раҳмат тиладим ва уларга ҳамдардлик изҳор этдим”, деди Абу Довуд ва Насоий ривояти. «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким гуноҳ қилаётган қавм ичида бўлиб, уни ўзгартиришга қодир бўлиб, ўзгартирмаса, Аллоҳ уларга ўлмасдан туриб, азобини етказади”, деди» Абу Довуд ривояти.

Албатта яхшиликка буюриш ширинсуханлик, чиройли мавъиза ва ҳикматли услубда бўлиши керак. Шунинг учун кишиларнинг номақбул, турли фитналарни қамраб олган ишларини тузатишда ҳам қўполлик қилмасдан, уларнинг дилларини оғритиб қўймасдан, ақлли ва тадбирли б ир йўл топайлик, натижада у одамлар нотўғри йўлдан қайтарган кишидан нафратланмасдан, аксинча, таъсирланиб, ўша инсонга нисбатан янада меҳри товлансин. 

Мансурхон Марупов, 
Косонсой тумани “Хазрати Умари Одил” жоме 
  масжиди имом-хатиби .

Related posts