Аёллар саҳифаси

НИКОҲ – МУҚАДДАС РИШТА

НИКОҲ – МУҚАДДАС РИШТА

Никоҳ– Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан бири бўлиб, кишининг никоҳланиб, оила қуриши ибодат ҳисобланади. Никоҳ туфайли оила барпо бўлади. Оила ҳам бир кичик жамият бўлиб, унинг раҳбари эрдир. Агар эр ўз вазифасини масъулият билан бажариб, ҳалол – пок бўлса ва қўл остидаги аҳли-аёлига чиройли муомала ва муносабатда бўлса, оиласи осойишта, мустаҳкам ва фаровон бўлади. Демак, оиланинг бахтли ҳаёт кечиришида эрнинг ўрни жуда каттадир. Қуйида эрнинг баъзи вазифа ва мажбуриятларини баён қиламиз: 

Эр аёлига яхши ва чиройли муомала қилиши.  Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам барчамизга намуна ва ибратдирлар. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо Пайғамбаримизни сифатлаб шундай деганлар: “У Зот аёллари билан энг мулойим, карамли, хушчақчақ ва сертабассум киши бўлар эдилар”.    Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларида масъулиятлари буюк ишлар билан машғул бўлишларига қарамасдан, зиммаларидаги аёлларини ҳақларини ҳам унутмаганлар. Ҳар бир эр аёли билан бўладиган муносабатларда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига намуна қилиб олмоғи зарурдир.

         Аёлга маҳр бериш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда эрларни аёлларининг мазкур ҳақларига риоя қилишга  чақириб:  “Хотинларига маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан) берингиз”  – дея амр этган (Нисо сураси, 4-оят). Афсуски, баъзи эрлар зиммаларида шундай вазифа борлигини ҳам билмайдилар. Маҳр эрнинг гарданидаги аёлидан қарзи ҳисобланади.

Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши керак. Бундай қилиш – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишдир. Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади”(ИмомМуслим ривоятлари).

Бу ҳақда Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Билгинки, аёлингга озор беришдан тийилишинг ҳусни хулқ эмас. Балки, ундан етадиган озорни кўтаришинг ҳусни хулқдир”.

Демак, эр хотинининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузишга шошилмаслиги, балки унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, ғазабини ичига ютиши керак бўлади. 

Эр хотинини уй-жой билан таъминлаши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

“Уларга ўзларингиз маскан тутган жойдан тоқатингизга қараб жой берингиз...” (Талоқ сураси 6- оят). 

Демак, эрнинг зиммасида хотинини турар жой билан таъминлаш мажбурияти бор. Фиқҳий китобларимизда: Аҳли-аёл учун ҳеч бўлмаганда қулфланадиган алоҳида битта хона ажратиб бериш эрнинг гарданидаги бурчидир дейилган.

         Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби нафақасини  таъминлаши. Нафақанинг миқдори эрнинг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб белгиланади. Нафақа миннат ва таънасиз бўлиши керак. Чунки нафақа бериш, эркакнинг хотинига қилган марҳамати эмас! Балки, Аллоҳ таоло эрнинг зиммасига фарз қилган амални бажаришдир! Динимизда эр оиласига сарфлаган харжлари учун ажр ва савобга эришади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: 

         “Сиз Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай сарф харажатингиз учун ажр оласиз. Ҳатто хотинингиз оғзига солган таомингиз учун ҳам сизга ажр бор” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Нафақа масаласида эр ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб иш кўради. Хотиннинг битмас-туганмас талаб ва хоҳишлари учун эр ўзини ўтга-чўққа уриб, ношаръий ва ноқонуний йўллар билан пул топиши дуруст эмас. 

Афсуски, баъзи эрлар улфатлари билан кўча-кўйда яхши ва сара таомларни еб юрадида, уйдаги аёли ва бола-чақаси эса зўрға тирикчилигини ўтказади.  Бундай қилиш оилага зулм ҳисобланиб, фарзандлар ҳаққига хиёнат бўлади.

 Аёлига зарурий шаръий масалаларни ўргатиши. 

Демак, ҳар бир эр мусулмон киши билиши керак бўлган зарурий маълумотларни аёлига ўргатиши зарур бўлади. Ҳеч бўлмаганда масжид ва бошқа жойлардаги насиҳат ва марузаларни яхши тинглаб, аёли ва фарзандларига етказиши керак.

Эр хотинининг хусусиятлари ва ўрталаридаги алоқалари ҳақида оғиз очмаслиги ҳамда одамлар ўртасида ёймаслиги керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: 

…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…”, (Бақара сураси, 187-оят). Уламолар ушбу ояти кариманинг тафсирларида “либос” сўзига турлича маънолар берганлар. Баъзилар эр-хотин бир-бирининг айбу нуқсонини либос каби яширади, десалар, бошқа бирлари эр-хотин бир-бирларини фаҳш ва зинодан сақлайдилар, деган маъноларни берганлар. 

Хулоса қиладиган бўлсак, эр – оиланинг раҳбари. Агар эр зиммасидаги вазифаларини рисоладагидек бажарса, ўз-ўзидан аёли ва фарзандлари унга ҳурмат ва итоатда муомалада бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади.

Анваржон Мирзаев,
Мингбулоқ тумани “Шоҳи Жалил” жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts