Жамият аъзоларига муносабат

ТИНЧЛИК – ҚАДРИ УЛУҒ, БЕБАҲО НЕЪМАТ

ТИНЧЛИК – ҚАДРИ УЛУҒ, БЕБАҲО НЕЪМАТ

Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддиятларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (сав) ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”(Имом Бухорий ва Имом Термизий).

Юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра, биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз.

Динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта бўлиши билан бир қаторда бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан ҳис этади.

Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом, энг аввало, инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишликни сўраб, дуо қилишлик тўғрисида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Айнан шу мазмунни Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: (Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик!

 

Абдулатиф Одилов,
Чуст тумани “Эшонлар” жоме
масжиди имом хатиби

Related posts