Таълим тарбия

ОТА ОНА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА МАСЪУЛДИР.

ОТА ОНА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА МАСЪУЛДИР.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай марҳамат қилдилар: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).

Демак, ота-она ва фарзанд тарбиясига масъул бўлган шахслар ёш авлодни ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратишлари – динимиз талабидир!

Ҳозирги кунда фарзандларимиз мактабдан таътилга чиқмоқдалар. Мана шу пайтдан ҳам унумли фойдаланиб, ёшларимизни касб-ҳунар, тил курслари каби фойдали тўгаракларга йўналтиришимиз – айни муддаодир. Шу билан бирга таътил пайтида фарзандларимиз кимлар билан дўстлашяпти ва бўш вақтларини кимлар билан ўтказяпти шуларга ҳам алоҳида эътибор бериб қўйишимиз керак бўлади.

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.

Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

Ислом динида “илм” деганда “диний” ва “дунёвий” илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда:  “Сизларнинг энг яхшингиз – бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирмаганидир” дейилган. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.

  Машраббой  Қозоқов,
Мингбулоқ тумани Мулла Назар Охун жоме 
масжиди имом  хатиби

Related posts