Таълим тарбия

ЯХШИЛИК ҚИЛИШ САВОБЛИ АМАЛЛАРДАНДИР.

ЯХШИЛИК ҚИЛИШ САВОБЛИ АМАЛЛАРДАНДИР.

 Яратган Аллоҳ таъолога шукурлар бўлсинки, юртимиз кундан кунга тараққий этиб бормоқда.Буни мисолини ҳар-бир соҳада кузатилаётган ўзгаришлар ва янгиланишларда кўришимиз мумкин.

Муқаддас динимиз таълимотларида ҳам инсон яратилган нарсалардан афзал қилиб яратилганлиги ва унга берилган неъматлар зикр қилинади.

Қуръони каримда бу ҳақда Аллоҳ таъоло шундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).

Албатта Аллоҳ таъоло мукаррам қилиб қўйган инсон, ҳамма яҳшиликларга лойиқдир.

Инсонга манфаат етказиш фазилатли амаллардан эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз алайҳи салом ҳадисларида шундай баён қилинади: Набий алайҳиссаломга “Қайси одам Аллоҳга энг суюкли бўлади?” дея савол беришганда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуби, инсонларга энг кўп манфаат етказувчисидир”, деб марҳамат қилдилар (Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, одамларга энг кўп фойда етказувчи инсон, одамларнинг энг яхшиси ва афзали дея васфланади: “Мўмин киши дўст бўлади ҳамда дўст тутилади. Ўзи (биров билан) дўст бўлмайдиган ва (биров томонидан) дўст қилинмайдиган инсонда яхшилик йўқдир. Одамларнинг энг яхшиси эса одамларга энг кўп манфаат етказадиганидир” (ҳадисни Табароний “ал-муъжам ал-авсат”да Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган).

Яхшиликдан бирорта нарсани арзимас санамаслик керак. Ҳатто, бировга табассум билан боқишни ҳам оддий иш деб ўйламаслигимиз керак. Зеро, бир биродарингизга табассум билан қарашингиз ҳам садақа ва савобли амал ҳисобланади. Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бизларга ўгит бериб айтадилар: “Яшиликдан бўлган бирор ишни ҳақир санамагин, агарчи, ўша иш ўз биродарингни очиқ юз билан қаршилашдан иборат бўлса ҳам” (Имом Муслим ривояти).

Инсонларга яхшилик қилиш фақат манфаат етказиш дея тушуниш нотўғри, чунки қуйидаги ҳадиси шарифда инсонларга зарар берадиган нарсани даф қилиш ҳам иймоннинг бир жузи эканлиги такидланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Иймон етмишдан ортиқ шахобчадан иборатдир. Уларнинг энг афзали “Ла илааҳа иллаллоҳ!” калимаси, энг қуйи даражаси эса йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам унинг бир шахобчасидир”.

Бугун юртимизда бўлаётган янгиланиш ва тараққиётнинг барчаси, авваламбор Аллоҳ таъолони рози қилиш учун бўлаётган экан, албатта бундай ишларда халқимиз учун манфаат бор, бундан халқимиз ҳам рози бўлади.

Ҳадиси шарифда бир инсоннинг бошига тушган ғамни аритиш қиёмат кунидаги қийинчилик ва ғамнинг енгиллашишига сабаб бўлиши айтилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб, шундай дедилар: “Кимки, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимдаки ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур” (Муслим ривояти).

Сўзимиз якунида шуни такидлаш жоизки, ватанимиз тараққиёти, юрт манфаати учун қилинаётган ишларнинг барчаси, иншааллоҳ савобли ва юртимизга барака олиб келадиган амаллардир. Мана шундай дунёмиз ва охиратимиз учун манфаатли ишлардан четда турмай ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилсак бу ҳаммамиз учун жуда катта ютуқ бўлади.

Соҳибжон Камолов,
Мингбулоқ тумани "Топтиқ Азиз" жоме 
масжиди имом-ноиби

Related posts