Жаҳолатга қарши маърифат

ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ ШАҲИДЛИК ЭМАС, БАЛКИ ОҒИР ГУНОҲДИР.

ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ ШАҲИДЛИК ЭМАС,  БАЛКИ ОҒИР ГУНОҲДИР.

Ҳозирги кунда дунёнинг баъзи давлатларида ҳокимятга эришиш учун Ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчи тоифалар томонидан мусулмон киши маълум мақсадлар йӯлида “ӯзини- ӯзи” ӯлдириши “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши манфур ва айни адашишдир.

          Бугунги кунда “шахидлик мақомига эришаман” деб, ўзини-ўзи портлатиб, ўзи ва бошқалар ҳаётига замин бўлаётганлар учрамоқда. Улар сохта “шайхлари” чиқараётган “фатволар” га амал қилган ҳолда, бундай разил ишларга қўл ураётгани ҳамманинг нафратини қўзғамоқда.  

        Ана шундай бир худкушлик натижасида, Аллоҳнинг уйи, яъни жоме масжидида мусулмон дунёсининг забардаст олими Рамазон Бутий ҳамда 40 нафардан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмди. Ваҳоланки, Қуръони карим оятлари, Пайғамбар алайхиссалом ҳадиси шарифлари, мужтаҳид уламолар асарлари ва фатволарида ҳаёт Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган имконият ва айни дамда омонат эканлиги, унга хиёнат қилмаслик лозимлиги таъкидланиб, ўз жонига қасд этиш катта гуноҳ сифатида қатъий қораланган.  

        Қуръони каримда: «Шунингдек, ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга рахм-шавқатлидир» (Нисо,29), деб айтилган.   

        Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Ким ўзини тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлганидан кейин жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ё осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг хукми ҳам унинг хукми билан баробардир».  

       Яна бир ҳадисда бундай дейилади: «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда баён килади: «Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, мен унга берган умрга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий харом қилдим» (Имом Бухорий).  

       Ўзини-ўзи ўлдириш бу ўз ҳаётини қасддан тўхтатишдир. Шариат нуқтаи назаридан бу ҳаракат қаттиқ қораланади. ўзини-ўзи портлатаётганлар аниқ биладики, портлатганидан кейин ўлади. Бу ҳолат шахидлик даражаси эмас, балки ўз жонига бегуноҳларнинг жонига қасд қилишдир.  

       Аллоҳ таоло қурьони каримда шундай марҳамат қилади; «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Ва унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир» (Моида, 32) 

       Юқорида келтирилган оятлар ва ҳадиси шарифлардан хулоса чиқариб айтиш мумкинки, ўзини-ўзи ўлдириш, белига бомба боғлаб портлатиш асло шахидлик эмас, энг катта гунохдир.  

Азизов Қодирхон, 
Косонсой тумани “Аълохон махдум” жоме 
 масжиди имом-хатиби 

Related posts