Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва кенг ато ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, тийиннинг устида умбалоқ ошиб ўзини хор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди. Мусулмон одам унга Аллоҳ томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган шахс бўлар экан. Ҳақиқий бойлик молу-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир. Ушбу таълимотларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб, ўзига сингдириб олиши ва ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Ана шундагина орамизда беш танга пул куйига тушиб одам ўлдирадиганлар, ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик қиладиганлар, фирибгарлик, алдамчилик, ёлғончилик ва бошқа разолатларни қиладиганлар қолмайди.
Ўзи учун бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб, билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.
Ўзида бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш.
Бундай одамни Аллоҳ таоло кўзини тўқ қилиб қўяса, ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмас экан. Кам бўлса ҳам ўзига берилган ризққа сабр қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган мусулмон уларга аралашмайдиган ва озорларига сабр қилмайдиган мусулмондан яхшидир», дедилар». Термизий ривоят қилган. Бундан одамларнинг озоридан қўрқиб уларга аралашмай қўйиш дуруст эмаслиги чиқади. Одамларга аралашиб уларнинг озорларига сабр қилган одам савоб олади. У ўша аралашиши давомида уларга яхшилик ҳам қилиб юрган бўлади. Одамларга аралашмаган киши эса кўпчиликка фойда етказишдан бош тортган бўлиши мумкин. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот беморликдан қийланаётган эканлар. «Эй, Аллоҳнинг Расули, сиз беморликдан қаттиқ қийланмоқдасизку?!» дедим. «Шундоқ. Албатта, мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийланганича қийланурман», дедилар. «Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундоқдир-да?» дедим. «Шундоқ. Худди шундоқ. Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, бирор тикон кирса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкадир», дедилар У зот». Икки Шайх ривоят қилишган.
Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам жумладан: «Сабр зиёдир», деганлар. Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилган. «Зиё» бир жисмнинг ўзидан чиққан ёруғликдир. Мисол учун, қуёшдан чиққан ёруғлик «зиё» дейилади. Бир жисм ўзидан бошқадан олган ёруғликни қайтариб чиқарса, «нур» дейилади. Мисол учун, ой қуёшдан олган ёруғликни қайтариб таратгани учун «ой нури» дейилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «У қуёшни зиё, ойни нур қилган зотдир», деган. Зиё нурдан кучли бўлади. Сабрнинг зиё бўлиши, Аввало, инсон сабр ила маъсиятлар зулматидан чиқади. Қолаверса, сабр бора-бора мўмин инсон қалбидаги зиёга айланади. Чунки Аллоҳнинг дини ва тоати йўлидаги қийинчиликларга сабр қиладиган одамнинг қалбида зиё пайдо бўлади. Ўша зиё ибодатлар ва турли машаққатларнинг янглиш йўлини унга ёритиб беради.
Шунингдек, сабрнинг зиёси мўмин кишига қабрида ҳам, қиёмат кунида ҳам фойда беради.
Кўпчилик орасида сабр тушунчаси нотўғри талқин қилинади. Сабр деганда, биров томонидан қилинган зулмга жавоб бермай, жим туриш тушунилади. Аслида эса бу сабр эмас, қўрқоқликдир. Сабр эса ижобий тушунчадир.
Исломда сабр дейилганда Аввало, иймон-эътиқод, дину диёнат йўлида қийинчиликларга сабр қилиш тушунилади. Аллоҳнинг амрини бажариш, қайтарганларидан қайтишга нафсни мажбур қилиб, чидатиш тушунилади. Сабр деганда, Аллоҳнинг калимаси ер юзида ҳамма калималардан устун бўлиши учун кураш қийинчиликларига дош бериш назарда тутилади. Ислом дини адолатидан бутун дунёни баҳраманд қилиш учун олиб бориладиган даъват машаққатларига чидаш, ҳалол, пок юриш, яшаш ва ишлаш қийинчилигига чидашни сабр дейилади.
Паҳриддин Юсупов,
Наманган туман бош имом хатиби