Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: яъни:
نِعْمَتاَنِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، اَلصِّحَّةُ وَ الْفَرَاغُ (رواه البخارى(
“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У- хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. (Имом Бухорий ривоят қилган).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!…! (Бақара сураси, 208-оят). Дарҳақиқат, тинчлик мавзуси ўта муҳим бўлганлиги боис ҳам Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Тинчлик ва хотиржамлик – инсоният бугун бошидан мураккаб ўзаро зиддиятларни кечираётган бир пайтда сув ва ҳаводек зарурдир. Унинг қадрига етиб, фарзандларимизни ҳам Яратган берган бу тенгсиз неъматларни қадрламоқлари ва асраб авайламоқ инсониятнинг зиммамиздаги бурчи эканлигини тушунтирмоқлигимиз керак. Бу барча пайғамбарлар қаторида бизнинг ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг суннати эканлигини юқоридаги ҳадисдан билиб олдик. Ислом тарихини ўқир эканмиз, унда инсонни кимлиги, нима учун яратилганлиги, инсоннинг зиммасига нима вазифалар қилмоқлиги юклатилганлиги, ҳаётда қандай инсон бўлиб яшаши кераклиги ҳақида берилган тавсиялар ва кўрсатмалар билан яқиндан танишиб чиқади. Бу берилган неъматларни қадрига етишда ва уни асрашда, Муқаддас динимизнинг мўтабар манбаси Қуръони Каримда Аллоҳ таоло айтади:
وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَىٰ آمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِمْ بَرَكَاتٍ مِنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ وَلَٰكِنْ كَذَّبُوا فَأَخَذْنَاهُمْ بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ
96. Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик. (Ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни инсоният тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин.).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик негизи эканлиги яққол нaмоён бўлади.
Ҳудайбердиев Муҳиббуллоҳ,
Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби.