• Home
  • Раддия
  • МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ НАЖОТ ТОПИШНИНГ ОСОН ЙЎЛИДИР
Раддия

МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ НАЖОТ ТОПИШНИНГ ОСОН ЙЎЛИДИР

МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ НАЖОТ ТОПИШНИНГ ОСОН ЙЎЛИДИР

Ҳозирда кўп такрорланаѐтган  “Динда мазҳабларга эргашиш йўқ!”, “Саҳобалар даврида мазҳаблар бўлмаган” каби пуч даъволарга мутлақо илмий асос мавжуд эмас. Саҳобалар даврида ҳам мужтаҳид саҳобалар мазҳаби бор эди. Саҳобалар мазҳаби асосида ҳозирга қадар етиб келган тўртта фиқҳий мазҳаблар сақланиб қолди. Мазҳабга эргашиш – Қуръон ва суннатни қўйиб шахсга эргашиш эмас, балки айнан Қуръон ва суннатга эргашиш саналади. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (“Наҳл” сураси 43-оят)

“Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган иш эгаларига етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар” (Нисо сураси 83-оят). 

Имом Табарий ва яна бир қанча муфассирлар мазкур оятдаги “иш эгалари” жумласини “аҳли илмлар” деб тафсир қилганлар.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобини зикр аҳли ҳисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда. Мусулмонлар ушбу илоҳий фармонга бўйинсуниб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бери муайян бир мазҳабга тақлид қилиб келишмоқда. Аслида бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларининг воқеъликдаги кўриниши эди. Чунки ҳадиси шарифда “Бу илмни ҳар бир авлодлардан ишончли кишилар ташийдилар. Улар илмни жоҳилларнинг ботил талқинлари, йўлдан озганларнинг даъволари ва ғулувга кетганларнинг хатоларидан сақлайдилар”, – деганлар (Имом Байхақий «Мадхал»да ривоят қилган).

Фиқҳий мазҳаблар ҳозирга қадар мусулмонлар бирдамлигини сақлашда асосий омил бўлиб келмоқда. Муҳаддис олимлардан бири Абдулҳақ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ тўрт мужтаҳид имомлар йўли ҳақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта йўли – мазҳаби бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди” (“Шарҳу сафарус-саъада” китоби).

Ҳозирги кунга келиб, буюк мужтаҳид олимларни қўйиб, ўзларига эргашишга даъват қиладиган қўштирноқ ичидаги “мужтаҳидлар” кўп учрамоқда. Улар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўзларининг нафсу ҳаволари билан изоҳлаб, салафи солиҳларимиз йўлидан оғишмоқда.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:  “Аллоҳ таоло бандаларидан илмни тортиб олиш билан кўтармайди, балки илмни олимларни олиш билан кўтаради, ҳаттоки биронта олим қолмайди. Шунда одамлар жоҳилларни йўлбошчи қилиб оладилар. Улардан сўрайдилар, улар жавоб берадилар, ўзлари ҳам адашадилар, одамларни ҳам адаштирадилар” (Имом Бухорий ривоятлари). 

Ҳозирда бемазҳабликка чақираѐтган кишилар “Аллоҳ таоло мазҳабга эргашишга буюрмаган, балки зикр аҳлидан сўрашга буюрган”, дея одамларни алдашга уринмоқда! Хўш, мазҳаббошлари зикр аҳли бўлмаса, унда ким экан?! Ахир мужтаҳид имомларимизнинг илмига, тақвосига ва илмий омонатдорлигига бутун уммат тасаннолар айтган бўлса, уларнинг илмига эргашмасдан яна кимга эргашиш керак?! 

Ғайратжон Асабоев,
Янгиқўрғон тумани "Эскибод" жоме 
масжиди имом хатиби 

Related posts