Жамият аъзоларига муносабат

ИС ГАЗИДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

ИС ГАЗИДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд ва санолар бўлсинки, бизларни шундай тинч ва хотиржам, неъматларга тўла замин — Ўзбекистон диёрида яшаш бахтига мушарраф этди. Ҳар бир инсон учун Аллоҳ берган неъматлар жуда ҳам кўп, уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 18-оятида: «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, уларнинг ҳисобига ета олмайсиз. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимлидир», — дея марҳамат қилган. Бу ояти кариманинг ҳаётимиздаги тасдиғини кўриб турибмиз, албатта. Ана шундай неъматлардан бири — ҳаёт, тириклик ва саломатлик неъматидир.

Бугунги кунда инсон саломатлиги ва жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи омиллардан бири — ис газидир. Ис гази рангсиз, ҳидсиз ва таъмсиз бўлгани сабабли уни инсон сезмай қолиши мумкин. Шу боис у энг хавфли заҳарли газлардан бири ҳисобланади.

Ис гази қандай ҳосил бўлади?

Ис гази ёқилғи таркибидаги углероднинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади. Уйлардаги газ печлари, кўмир ва ўтин ёқиладиган мосламалар, носоз иситиш қурилмалари ҳамда автомобил чиқинди газлари ис гази пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

Айниқса, қиш мавсумида хонадонларни иситиш жараёнида хавф ортади. Мўрининг тиқилиб қолиши, ҳаво айланишининг етарли бўлмаслиги ва носоз иситиш ускуналаридан фойдаланиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ис гази инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади: у нафас орқали организмга кириб, қон таркибидаги гемоглобин билан бирикади. Натижада организм тўқималарига кислород етказиб бериш бузилади. Бу эса инсон ҳаёти учун катта хавф туғдиради.

Ис газидан заҳарланишнинг асосий белгилари қуйидагилардан иборат:

бош оғриғи ва бош айланиши;

кўнгил айниши ва ҳолсизлик;

уйқучанлик ва кучли чарчоқ;

нафас олишнинг қийинлашиши;

ҳушдан кетиш.

Бундай белгилар кузатилганда вазиятни жиддий қабул қилиш ва зудлик билан тиббий ёрдам чақириш зарур.

Ис газидан сақланиш чоралари: ҳар бир инсон ўз оиласи ва яқинлари хавфсизлиги учун қуйидаги қоидаларга амал қилиши лозим:

газ ва иситиш ускуналарини мунтазам равишда мутахассисларга текширтириш;

мўриларнинг тозалиги ва созлигини назорат қилиш;

хоналарда ҳаво алмашинувини таъминлаш;

газ плитасидан хонани иситиш мақсадида фойдаланмаслик;

носоз ёки қўлбола иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик.

Қолаверса, иситиш печкаларига солинаётган кўмир ва қишлоқ шароитидаги сандалларга ташланган чўғ ва аловлардан жуда эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак.

Шунингдек, ис газини аниқловчи махсус сигнализация қурилмаларини ўрнатиш ва иситиш ускуналарини ёқилган ҳолда назоратсиз қолдирмаслик муҳим.

Агар ис газидан заҳарланиш гумон қилинса, дарҳол тоза ҳавога чиқиш, атрофдагиларни огоҳлантириш ва хавфсиз бўлса, газ манбаини ўчириш лозим. Хавфли хонага қайта кирмасдан, 112 ёки 103 рақамига қўнғироқ қилиш керак.

Хулоса қилиб айтганда, ис гази — инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдирувчи, сезиш қийин бўлган заҳарли газдир. Ундан ҳимояланишнинг энг самарали йўли — эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилиш, иситиш ускуналарини соз ҳолатда сақлаш ва хавфсизлик қоидаларини унутмасликдир.

Унутмайлик, хавфсизликка бефарқлик оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳар биримиз ўз ҳаётимиз ва оиламиз саломатлиги учун масъулмиз.

Ис газидан эҳтиёт бўлинг — ҳаётингизни асранг!

Шуҳратилла Исроилов,
Учқўрғон тумани “Саидхон эшон” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts