Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон, 92).
Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки у яхшилик йўлида қўйилган ҳар бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.
Хайр-саховат инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга дунёвий ишларнинг ривож топишига ҳам сабаб бўлади.
“Эҳсон” деганда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади.
Эҳсонинг самаралари.
1. Эҳсонни ўрнини Аллох таоло тўлдиради.
“Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади. (Сабаъ сураси 39-оят).
Ушбу оятни Ибни Касир тафсирларида: Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта У, дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофат беради, деганлар.
2. Эҳсонни қилгувчи фаришталарнинг дуосига муяссар бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:“Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин, иккинчиси эса: Эй Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер дейди”. (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ 445-бет, 1442-ҳадис)
3. Эҳсоннинг ажри етти юз балки ундан хам кўпроқ бўлиб қайтади.
“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”. (Бақар сураси, 261-оят)
4. Эҳсон ўз сохибини жаннатга олиб боради.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай деган:
Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир. (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Аллоҳ таоло берадиган эҳсон ва мурувватларимиз, яхшилик ва садақотларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб этсин.
Авазбек Тўраев,
Норин тумани “Қурбон ота” жоме
масжиди имом хатиби