Ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади.
Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қиладилар: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
Тарбия инсон камолотининг асосидир. Бизда фарзанд тарбияси ҳар бир оила учун асосий вазифа бўлиб келган. Ҳозирда ҳам ёшлар тарбиясига, уларнинг сифатли билим олишларига давлатимиз миқёсида катта аҳамият берилмоқда. Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларни ақлан ва маънан етук авлод бўлиб етишишига катта эътибор қаратилмоқда.
Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир.
Ислом таълимотларига жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.
Шундай экан, бизлар ҳам ўз фарзандларимизни бугунги кун талаблари асосида тарбиялашимиз, уларни замонавий илм ва касб-ҳунарга йўналтиришга бор кучимизни сарфлашимиз лозим. Шундагина, фарзандларимиз хориж мамлакатларига ишлаш учун “қора ишчи” бўлиб эмас, балки “мутахассис” сифатида борадилар.
Барчамизга маълумки, ислом дини инсонларни илм олишга кенг тарғиб қилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда ўқишга буюрилишнинг ўзи ҳам ислом илму-маърифат дини эканининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди.
Инсонларни илм олишга ва шу орқали Парвардигорини танишга чақирди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур”. (Муҳаммад, 28-оят).
Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам бўлиши учун илм, амал ва ихлос бирлашиши шарт. Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир. Аллоҳ таоло айтади: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала, 11-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илм дини бўлмиш ислом билан инсониятни жаҳолат зулматидан ҳидоят нурига олиб чиқди. Ислом дини илмни иймонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилган диндир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмон киши илм олиши фарз экани ҳақида шундай деганлар: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”, – дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Илм йўлида пок ният ва ихлос билан ҳаракат қилиш бандага жаннат йўлини осон қилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).
Бугунги кунда жамиятимизга зарур бўлган турли соҳа мутахассисларини етказиб беришимиз фарз амал ҳисобланади. Болаларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага мақсадли йўналтириб, режали ва тизимли таълим олишига масъулмиз. Зарурий илмларни олиш нафл ибодатдан устун туради. Аллоҳга шукурки, мактабларда ҳар бир бола билиши зарур бўлган, асосий билим ва кўникмалар бепул ўргатилади. Мажбурий таълимдан кейин бу билимларни ҳеч ким текинга бермайди. Улуғ аждодларимиз айтишган: “Вақт қилич кабидир, агар сен уни ўз вақтида кесмасанг, у сени кесади”.
“Ёшларнинг бўш вақти душманнинг иш вақти” деган нақл бор. Биз фарзандларимизнинг бўш вақтини қолдирмаслигимиз, аксинча уларни фойдали ўқиш ва касб-ҳунарга тарғиб қилишимиз шарт.
Биз буюк миллат сифатида дунёда ўз ўрнимизга эга бўлишни истасак, буюк тарихимиз билан бир қаторда маърифатпарвар жадид боболаримиз қолдирган маънавий меросни чуқур ўрганиб, уларнинг ўгитларига амал қилмоғимиз, Ватан тараққиёти учун жидду жаҳд қиладиган янги авлодни тарбияламоғимиз лозим.
Анвархон АКРАМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги бўлим мудири