21 октябр – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган унутилмас кун. Бу сана халқимизнинг маънавий уйғониши, миллий ўзликни англаши ва истиқлол йўлидаги энг буюк қадамларидан биридир.
Тил – миллатнинг бош белгиси ва жон томири
Миллатнинг бош белгиси – шубҳасиз, унинг тилидир. Тил – халқнинг энг катта бойлиги, тарихи ва маданиятининг кўзгуси. Аксаран миллат номи унинг тили билан аталгани каби, давлатга ҳам шу мамлакатда аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи туб миллатнинг номи берилади ва ўша тил давлат тили мақомига эга бўлади.
Инсон ўз фикрини айнан тил орқали ифодалайди ва бошқа жонзотлардан айнан шу неъмати билан ажралиб туради. Тил – ҳар бир миллатнинг асосий фикрлаш қуролидир. У орқали миллий тафаккур шаклланади. Миллий тафаккур эса ўз навбатида миллатнинг яшаш тарзини, маънавий қиёфасини ва жаҳон аренасидаги умумий мавқеини белгилаб беради.
Бой тарих ва бебаҳо мерос
Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, буюк алломаларимиз қолдирган бой мерос ва интеллектуал салоҳиятнинг ёрқин маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги энг бой, жозивали ва қадимий тиллардан биридир.
Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил ҳамда тарихий қадам эди. Айнан ана шу ҳужжат туфайли ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.
Истиқлол йилларида она тилимиз том маънода ҳақиқий давлат тилига айланди. У халқимизни юртимизда эркин, озод ва фаровон ҳаёт қуришдек улуғ мақсадлар сари сафарбар этувчи беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.
Бугунги замон ва тилимизнинг нуфузи
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда. Бугун ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, БМТ каби халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Шу билан бирга, хорижий мамлакатларда ҳам тилимизга бўлган эътибор, уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда.
Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир. Зеро, миллатнинг нуфузи ушбу халқ тилининг қанчалик кенг тарқалгани, мукаммаллиги, бой ва софлиги билан белгиланади.
Шу маънода айтиш жоизки, она тилимиз асрлар оша ўз софлигини, жозибасини ва ўзига хос жиҳатларини сақлаб, яшаб келаётган дунёдаги саноқли тиллардан биридир. Она тилимиз миллатимиз кўрки, ғурури сифатида халқаро миқёсда ҳақли равишда эътироф топмоқда.
Муқаддас бурч
Ўзбек тилини шу Ватан тупроғини босаётган, «ўзбекман» дея фахр билан яшаётган ҳар бир шахс қадрламоғи, ҳурмат қилмоғи лозим. Қолаверса, Бош қомусимиз ва тегишли қонунлар билан ҳимояси кафолатланган она тилимизни асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг ҳам инсоний, ҳам виждоний бурчидир.
Унутмаслик керакки, она тилига эътибор – бу келажакка, миллатнинг абадийлигига қўйилган энг мустаҳкам пойдевордир.
Манбалар асосида тайёрланди.
Пахридин Юсупов,
Наманган туман бош имом-хатиби