Ислом дини таълимотига кўра, бутун борлиқдаги барча мол-мулкларнинг, бойликларнинг ҳақиқий ва ягона соҳиби – Аллоҳ таолонинг ўзидир. Банда эса бу дунёда фақат омонатдор ҳисобланади. Қайси бандасига қанча мол-дунё ва ризқ бериш У Зотнинг чексиз ҳикмати ва хоҳиш-иродаси билан бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг адолатли мезони билан баъзи бандаларни бойлик бериб, унинг шукрини қандай адо этиши билан, бошқаларни эса йўқчилик ёки турли синовлар орқали имтиҳон қилади.
Қуръон ва Суннатда мол-мулкнинг моҳияти
Қуръони каримда инсон қўлидаги мол-дунё аслида уники эмас, балки омонат экани шундай баён қилинган: «Ва уларга Аллоҳ сизларга берган мол-мулкидан беринглар» (Нур сураси, 33-оят).
Демак, бойлик инсоннинг ўз кучи ва маҳорати билангина эмас, балки Аллоҳнинг фазли ва иродаси билан бериладиган ризқдир. Мусулмон инсон топган бойлигига мағрурланмаслиги, муҳтожларга эса меҳр-оқибат кўрсатиши лозим.
Солиқ ва унинг жамиятдаги хайрли ўрни
Ислом дини жамият манфаатини, одамларнинг бир-бирига кўмаклашишини ва юрт ободлигини қаттиқ таъкидлайди. Уй ва ер солиқлари орқали тўпланадиган маблағлар ҳам айнан халқимизнинг фаровонлиги ва юртимиз ободлиги йўлига хизмат қилади.
Жумладан:
Жамиятдаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз нафақахўрларни моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш;
Яшаб турган ҳудудлар, маҳаллалар, йўллар ва кўчаларни ёритиш ҳамда тозаликни сақлаш;
Янги мактаблар, шифохоналар, боғчалар ва илм масканларини барпо этиш айнан мана шу солиқлар ҳисобидан амалга оширилади.
Тарихга назар солсак, Ислом давлатчилигида ҳам «байтулмал» (давлат хазинаси) тузилиб, ер ва мол-мулк маблағларидан жамият эҳтиёжлари ҳамда фаровонлиги учун кенг фойдаланилганини кўрамиз.
Ҳалоллик, масъулият ва ризққа барака
Пешона тери, ҳалол меҳнат билан топилган мол-мулкдан давлат ва жамият олдидаги бурч ҳамда солиқларни ўз вақтида, вижonan адо этиш топган ризққа барака олиб келади. Зеро, ўз вақтида қилинган масъулиятли амал инсоннинг ҳам диний, ҳам фуқаролик бурчидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида давлат хазинаси асосан закот, садақа, хумс (олинган ўлжанинг бешдан бир қисми) ва жизя каби манбалар асосида шакллантирилган. Тўпланган маблағлар жамиятнинг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш, давлат хавфсизлигини таъминлаш, масжид-мадрасалар қуриш, йўллар, кўприклар ва инсонларга манфаат келтирадиган бошқа хайрли ишларга сарфланган.
Юрт ободлиги – умумий бурч ва масъулият
Ҳар бир фуқаро ўз уйи, ери ва мол-мулки учун белгиланган солиқни ўз вақтида тўлаши – юрт ободлигига, фарзандларимизнинг ёруғ келажагига ва жамиятимиз фаровонлигига қўшилган катта ҳиссадир. Унутмайликки, солиқларни ўз вақтида тўлаш – Ватанга садоқатнинг, эл-юрт равнақига бевосита ҳисса қўшишнинг амалий кўринишидир.
Ҳар бир инсон ўзи яшаётган юртнинг ободлиги, тинчлиги ва фаровонлигига масъул эканини чуқур англаб етмоғи лозим. Зеро, обод ва файзли юртда яшашнинг қадрига етиш, уни янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.
Обидхон Икрамов
ЎМИ Наманган вилояти
бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари