Хозирги кунда ёшларимизни оздиришга ва ўзларини пуч ғоялари билан захарлашга қилинаётган харакатлар барчамизни ташвишга солмоқда. Оқибатда эса бундай мафкуравий хуружлар натижасида баъзилар ўзи туғилиб ўсган юртидан, ота-онасидан тониб, унга хиёнат килиб, ватанпарварлик туйғуларидан махрум бўлиб, инсонийлик табиатидан хам чиқиб қолганини ўзлари тушунмаяпти. Мухтасар килиб айтганда, ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлик бўлмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом хаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга хурмат-эхтиром туйғусини ёшлик пайтидан бошлаб шакллантириш зарур.
Маърифат – мусулмоннинг икки дунёсини ёритувчи нур. Исломий маърифат воситасида биз дунё ва охиратимиз гўзаллигига йўл топамиз. Шу маърифат орқали Яратганни, унинг қудратини, яратиқларини таниймиз, илоҳий Каломнинг ҳикматини англаймиз.Жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси – бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси – китоб ўқишдир. Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман васвасаларни киши онгидан қувиб чиқаради. Китоб – ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир! Кўп китоб ўқийдиган инсон ҳаётда улкан муваффақиятларга эришади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ! Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқ!
Машҳур саҳоба ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу шундай деганлар:
яъни: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”.
Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорларини танийдилар. Дунё ва охиратларини илм билан обод қиладилар..
Буюк аждодимиз Амир Темур «Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир», – деганлар.
Маълумки, динимиз – илм ва маърифат дини. Илм талаб қилишни фазилати ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
«Илм излаш – ҳар бир мусулмонга фарздир» (Имом Ибн Можа ривояти).
Уламоларнинг фикрларича, жамиятда қайси соҳага эҳтиёж сезилса, ўша соҳага бўлган эҳтиёжни қондирадиган даражада илмларни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади. Агар жамиятда бир соҳада ёки бирор фан бўйича мутахассис олим етишмаса ва бунга ҳаракат қилинмаса, шу жамият одамларининг барчаси гуноҳкор бўладилар. Сабаби – ҳар бир соҳада мутахассислар бўлиши шарт. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ҳам илм-марифатни қўйиб, жаҳолат йўлини тутган кимсалар ҳам йўқ эмас. Маърифат дини бўлмиш Ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган кучлар илмсиз ёшларни йўлдан уриб, жаҳолат гирдобига тортаётгани сир эмас. Минглаб ёшлар турли оқимларнинг таъсирига тушиб, ана шундай жаҳолат қурбонига айлангани ҳам барчага маълум. Шунинг учун ёшларни илм олишга ундаш, китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бўлиб қолмоқда.
Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳар “Шайх эшон” жоме
масжиди имом хатиби