Ақидадан адашмайлик

АҚИДАДА АДАШМАЙЛИК!

АҚИДАДА АДАШМАЙЛИК!

Aқида – инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, ибодат, олди-берди алоқалари ва барча илмлардан муҳимроқ ўрин тутади. Чунки инсон Исломни қабул қилгандан сўнг, биринчи навбатда унинг зиммасига ибодатларни ўрганишдан ҳам аввал ақида илмини ўрганиш вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Mуоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яман аҳлига элчи қилиб юбораётганларида: 

 “Aввало уларни Aллоҳ таолони бир дейишга чақиринг, қачон улар Aллоҳни бир деб билишса, Aллоҳ таоло уларга беш вақт намозни фарз қилганлигини хабарини беринг”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоятлари). 

Ушбу ҳадиси шариф ақидани нақадар аҳамиятли эканига далолат қилади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Яман аҳлини намоз ўқиш ва бошқа амалларни бажаришга буюришдан аввал, уларнинг ақидасини тўғрилашга буюрдилар.  

Aллоҳ таоло Қуръони каримнинг Mуҳаммад сурасида шундай дейди:  “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур” (19-оят). 

Уламоларимиз мазкур ояти кариманинг тафсирида шундай дейдилар: “Ушбу оятда Aллоҳ таолони ёлғиз эканини билишга бўлган буйруқ истиғфор айтишга бўлган буйруқдан олдин келтирилмоқда”. Бу эса Aллоҳ таолонинг ёлғизлигини билиш, яъни тўғри эътиқодни шакллантириш қанчалар аҳамиятли эканига ишорадир. Шу сабабдан ҳам Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: “Фиқҳдан олдин ақида илмига буюрилдик”, – деганлар. Имом Aбу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Ақидада билимдон бўлиш фиқҳий аҳкомларда билимдон бўлишдан афзалроқдир”, – деганлар.  

Энг аввало, қалбда ақида асослари ўрнашмас экан, шариат аҳкомларини бажаришдан фойда бўлмайди. Зеро, улуғ машойихларимиздан Сўфи Оллоёр айтганларидек:  

“Ақида билмаган шайтона элдир, 

Агар минг йил амал деб қилса – елдир”. 

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг йўналишларига кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Қуйидагиларга имон келтириш вожиб: 1. Аллоҳ таолога; 2. Унинг фаришталарига; 3. Китобларига; 4. Набийларига; 5. Охират кунига; 6. Қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига; 7. Ўлгандан кейин қайта тирилиш бор эканига.  

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ақидада адашишдан, турли фирқаларга бўлинишдан паноҳида асрасин! 

 Иброҳим Тожиддинов , 
   Чуст тумани “Саид Насимхон тўра” жоме  
масжиди имом-хатиби. 

Related posts