Жамият аъзоларига муносабат

СИЛАИ РАҲМНИНГ ФАЗИЛАТИ

СИЛАИ РАҲМНИНГ ФАЗИЛАТИ

Аллоҳ таоло бандаларини Ўзининг ибодатига чақиради. У томондан буюрилган амалларни бажаришга ва қайтарган ишларидан қайтишга тарғиб қилади. Яратган Роббимиз бандаларига шундай меҳрибонки, уларга Ўзининг розилигини фақат ибодат билан эмас, балки инсонлар ўртасидаги муомалаларни холис адо этиш билан ҳам топиш имкониятини берган.

Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро сураси, 26-оят).

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом Мадинага келиб, илк хутбаларининг бирида: «Эй, инсонлар! Саломни орангизда ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ва инсонлар ухлаётган вақтда кечаси бедор бўлиб намоз ўқинглар ана шунда жаннатга саломат кирасизлар», дея марҳамат қилганлар (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин»(Бухорий ва Термизий ривояти).  

Али карромаллоҳу важҳаҳудан қилинган ривоятда эса: «Қариндошлар билан алоқани боғлаш ёмон ўлим топишдан сақлайди.  Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинглар ва силаи раҳм қилинглар!» (Имом Ҳоким ва Баззор ривояти).

  Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу айтади: “Бир аъробий Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалдан хабар беринг!”, деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ширк келтирмасликка ва намоз ўқишга, закот беришга ва силаи раҳм қилишга буюрдилар. 

Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти.

Юнусхон Умаров, 
Косонсой туман “Садпири комил” жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts