Динимизда асосий амал ва эътиборли бўлишга мажбур амал намоздир. Намоз ўқиш бандани Аллоҳга яқинлаштиргувчи ва ёмонликдан қайтарувчи дея эътироф этилади. Намознинг хар бир амалига эътиборли бўлиш лозим бўлади. Қуйида намоздаги амаллардан бири қиёмда қўллар қайерда туриши хақида ўрганамиз.
Бизнинг шаъни улуғ мазҳабимизда, мўътабар манба – «Мухтасар ул-Виқоя»да келишича, қиёмда қўл тутиш одоби бундай:
ويضع يمينه على شماله تحت سرّته فى كلّ قيام فيه ذكر مسنون ويرسل فى قومة الركوع وبين تكبيرات العيدين
«Суннат қилинган зикр мавжуд бўлган ҳар бир қиёмда киндик остига ўнг қўлини чап қўлининг устига қўйиб туради. Рукуъдан турганда ва икки ҳайит такбирлари орасида (қўлларни) икки ёнга тушириб туради»
Гапимизни қувватлаш мақсадида «Жавҳарат ун-наййира»дан ҳам иқтибос оламиз:
لنا انّ النبى صلى الله عليه وسلم واظب عليه وقال على رضى الله عنه: «من السنة ان يضع المصلى يمينه على شماله تحت السرّة فى الصلوة» وامّا كيفيته فعند محمّد يضع باطن كفه اليمنى على ظاهر كفه اليسرى وعند أبى يوسف يأخذ يمينه رسغة اليسرى واستحسن كثير من المشايخ الجمع بينهما بان يضع باطن كفه اليمنى على ظاهر كفه اليسرى ويحلق بالخنصر والابهام على الرسغ
«Биз учун далил: Жаноби Расулуллоҳ алайҳиссалом унга мудовамат қилганлар (уни доимий бажарганлар). Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу «Намозхон намозда киндик остида ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб тутиб туриши суннатдандир», деганлар. Аммо унинг кайфияти, Имом Муҳаммад рахматуллоҳи алайҳи наздида ўнг кафтининг ичини чап кафти устига қўяди. Имом Абу Юсуф рахматуллоҳи алайҳи наздида эса чап қўлининг бўғинини ўнг қўли тутиб туради. Машойихлардан кўпчилиги икки ҳукмни жамъ қилишни истеҳсон дейишди. Шул тариқадаки, ўнг қўли кафтининг ич қисмини чап кафти устига қўяди ва бош ҳамда жимжилоқ бармоқ билан бўғимини ўраб туради»
Имом Муслим ва Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифларда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб туриш ҳақида зикрлар келган. Имом Абу Довуд Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у чап қўлини ўнг қўли устига қўйиб турганида Жаноби Расули акрам алайҳиссалом унга ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб туришни таълим берган эканлар. Яна мана бу ҳадис ҳам бор:
«Қубайса ибн Ҳалабдан, у (эса) отасидан ривоят қилиб айтади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга имом бўлардилар. Шунда чап қўлларини ўнг қўллари билан ушлар эдилар». Ушбу ҳадисни Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан деган.
Энди, бизнинг мазҳабимизда қўл қовуштириб туриш киндик остида бўлиши керак. Бу Имом Аҳмаддан ривоят қилинган ҳадисга асосланган. Унинг ривоят қилишича, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бундай деган эканлар:
«Албатта кафтларни кафтларга киндик остида қўйиш суннатдандир».
Ушбу ҳадисни Имом Абу Довуд, Дорақутний ва Байҳақийлар ҳам ривоят қилишган.
Бир саҳобийнинг суннат деган гапи Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатига ҳамл қилинади. Мавлоно Абдулҳай Лакнавий «Мажмуат ул-фатово» асарида қўлни садр (кўкрак) ва киндик остида тутиш ҳақида саҳоба ва тобиъийнлардан ҳамда Расули акрам алайҳиссаломдан ривоятлар борлигини айтиб, бу ҳақда Мулло Муҳаммад Қоим ас-Синдий деган зотнинг «Фавз ул-киром фий вазъ ал-ядайн таҳт ас-суррати ав фавқаҳо» («Иккала қўлни киндик остида ёки юқорида тутиш ҳақида улуғлар файзи») номли рисоласи борлигини зикр қилади. Ушбу рисолада батафсил далиллари билан келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз амалларини ибодату таълимда эркаклар ва аёлларнинг амалларини мувофиқлаштириш мақсадида қилаверган. Истисно ҳолларидагина бундай бўлмаган экан.Намозда эркаклар (таъзимда туриш мақсадида) қўлларини киндик остида тутадилар, аёллар эса (сатр билан туриш мақсадида) кўкракларида тутадилар. Бундай туриш қиёмда таъзимда туришни ҳам ифодалайди. Қўлни киндик остида тутишнинг афзаллигини «Шарҳи Виқоя»нинг ҳошиясида «Музмарот» китобидан иқтибос олиб бундай дейилади:
«Чунки у (яъни, киндик остида тутиш) тавозуъга – камтарликка яқинроқдир, хушуъга етказгувчироқдир, сатри авратга олиб борадиган услубдир, иштонни тушиб кетишдан сақлагувчироқдир.
Манбаълар асосида тайёрланди
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом хатиби