Жамият аъзоларига муносабат

МЕҲР – НОГИРОНЛИКДАН УЛУҒ, ШАФҚАТ – АЛЛОҲГА ЯҚИН ЙЎЛ

МЕҲР – НОГИРОНЛИКДАН УЛУҒ, ШАФҚАТ – АЛЛОҲГА ЯҚИН ЙЎЛ

Меҳрибонлик, инсонпарварлик ва ғамхўрлик – исломнинг юраги бўлиб, айниқса ногирон кишиларга бўлган муносабатда бу фазилатлар ёрқин кўринади.

Муқаддас динимиз Ислом — инсоннинг жисмоний ёки руҳий ҳолатидан қатъи назар, унинг қадр-қимматини улуғловчи, заифларни ҳимоя қилувчи, ғамгинларга таскин берувчи диндир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда инсонни “энг гўзал суратда” яратганини билдиради (Тиин сураси, 4-оят). Бу оят бизга шуни англатадики, ногиронлик – бу камчилик эмас, балки синовдир. Ҳар бир инсон, унинг имконияти қандай бўлишидан қатъи назар, Аллоҳ наздида азиз ва муҳтарамдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ногирон кишилар жамиятдан четланмаган. Аксинча, улар ҳурмат топган, масъулиятли ишлар билан шуғулланган. Масалан, кўзи ожиз саҳоба Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу муаззинлик қилган ва ҳатто жангда сафда туришга ҳаракат қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга раҳм қилмаган эмас, аксинча, уни ҳурмат қилган, ёрдамини аямагани билан ғамхўрликни ўргатган.

Исломда ногиронларга ёрдам бериш — фақат инсоний бурч эмас, балки ибодатдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

“Ким бир мусулмоннинг муаммосини енгиллатса, Аллоҳ унинг дунё ва охиратдаги мушкулини енгиллаштиради.”(Имом Муслим ривояти)

Ногиронлар билан муомала қилишда уларга ачиниш эмас, балки ҳурмат асос бўлиши керак. Уларни жамиятдан ажратмаслик, доим ёрдам қўлини чўзиш, қувонтириш — бизнинг мусулмонлик бурчимиздир.

Бугунги кунда ногиронлиги бор инсонлар орасида истеъдодли, билимли, ҳалол ва эзгу ишларни қилаётганлар жуда кўп. Уларнинг ҳаёти биз учун сабоқ, сабр намунаси бўлиши керак. Улар бизнинг жамиятимизнинг ажралмас бир бўлаги, Аллоҳ неъматлари билан синалаётган чин бандалардир.

Шундай экан, ҳар биримиз ўз атрофимиздаги ногирон биродарларимизга меҳр, эътибор, дуою ёрдамимиз билан қўллаб-қувват бўлайлик. Чунки балки Аллоҳнинг розилиги айнан ўша инсонларга қилган ғамхўрлигимизда яшириндир.

Нуруллоҳ Маҳкамов,
Чуст тумани “Саид Насимхон тўра” жоме 
масжиди имом-ноиби.

Related posts