Жамият аъзоларига муносабат

КЎП ОВҚАТ ЕЙИШНИНГ ЗАРАРЛАРИ

КЎП ОВҚАТ ЕЙИШНИНГ ЗАРАРЛАРИ

Бугунги замонда озиқ-овқат мўл-кўллиги, доимий реклама, тез тайёр таомлар ва ширинликларга тўла дастурхонлар одамни кўпроқ ейишга ундайди. Аммо инсоннинг табиати шундайки, у доимий тўқликда эмас, балки меъёр ва мувозанатда яшашга мослаштирилган. Кўп овқат ейиш эса бу мувозанатни бузади, нафақат жисмоний саломатлик, балки руҳий ҳолат ва маънавий ҳаётга ҳам катта зарар келтиради.

Кўп овқат ейишнинг энг биринчи зарари — инсон танасининг ортиқча юклама остида ишлашига сабаб бўлишидир. Ошқозон-ҳазм тизими доимий ишда бўлади, бу еса юрак, жигар ва бошқа аъзоларни толиқтиради. Ҳазм қилиш учун ажратиладиган энергия бошқа азолардан олинади. Натижада инсон овқатдан кейин ўзини суст, уйқучан ва оғир ҳис қилади. Диққат сусаяди, фикр тарқоқлашади, фаолиятга бўлган иштиёқ пасаяди. Бу ҳолат нафақат иш унумдорлигига, балки ибодатга ҳам таъсир қилади — Қуръон тиловати, намоз ёки илмий машғулотлар оғирлик қилишни бошлайди. Аста-секин инсон кучли ақлий ва руҳий ишларни тарк этиб, нафсни рози қилиш билан машғул бўлиб қолади.

Тиббий жиҳатдан қаралганда эса кўп овқатланиш сурункали касалликларнинг сабабчиси саналади. Ортиқча калория ёғ сифатида танада тўланади, бу эса семиришга, ундан кейин эса юрак-қон томир касалликлари, диабет, қон босимининг кўтарилиши ва ҳатто саратон каби оғир хасталикларга олиб келади. Ошқозоннинг доимий тўлиши гастрит, рефлюкс, қабзият каби муаммоларни юзага келтиради. Қисқаси, тананинг табиий тизими издан чиқади.

Аммо бу масаланинг фақат ташқи томони, ундан ҳам чуқурроқ зарар бу — руҳий-маънавий заифлашувдир. Кўп ейиш — нафсни қувватлантиради. Нафс кучайса, иродани сустлаштиради. Инсон ўзини бошқара олмайдиган, истакларига қул бўлиб қолган ҳолатга келади. Бу эса фақат овқатга эмас, бошқа иллатларга ҳам мойилликни оширади: дангасалик, ғафлат, ҳаромга яқинлашиш, ибодатдан йироқлашиш, илмга лоқайдлик… Шунинг учун ҳам исломий манбаларда меъёрий овқатланишга алоҳида урғу берилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Инсон тўлдирган энг ёмон идиш — бу унинг қорнидир. Одам боласига белини рост тутиш учун бир неча луқма кифоя. Агар шунга мажбур бўлса, унда қорнининг учдан бирини овқатга, учдан бирини сувга, учдан бирини нафас олишга ажратсин” (имом Термизий ривояти ). Ушбу ҳадисдаги ҳикмат замонавий тиббиёт томонидан ҳам тасдиқланмоқда. Чунки энг соғлом одам — кўп еювчи одам эмас, меъёрни билган, нафсини жиловлай олган кишидир.

Кўп овқат ейиш фақат танага зарар бермайди, балки вақтингизни ҳам еб қўяди. Ҳазм қилишга кетган вақт ва уйқу, овқат тайёрлашга сарфланган соатлар — буларнинг барчаси ҳаётимиздаги энг қиммат нарса – вақтни йўқотади. Тонгдаги энг сербарака соатлар уйқуга кетади, енгил танли ибодатлар оғирлик билан бажарилади. Кўп ейиш, аслида, ҳаёт сифатини сезиларли даражада пасайтиради. Аммо кўпчилик бу ҳолатни кеч англайди — қачонки саломатлик кетиб, юриш оғирлашиб, руҳий қувват сусайиб қолса…

Шундай экан, биз ҳар куни овқатланиш вақтида фақат қорнимизни эмас, қалбимизни ҳам назорат қилишимиз керак. “Мен очлигим учун емоқдаманми ёки шунчаки одат ва нафс сабабми?” деган саволни ўзимизга беришимиз лозим. Ҳар бир луқмани эслатма деб билиш керак: Аллоҳ бу неъматни нима учун берди? Уни қандай ишлатмоқчиман? Тўқликка эмас, тўғриликка интилиш инсонни ҳақиқий бахтга етаклайди.

Хулоса қилиб айтганда, кўп овқат ейиш жисмоний касалликларнинг илдизи, руҳий заифликнинг бошланиши, маънавий ғафлатнинг сабаби ва ҳаёт баракасининг душманидир. Тўқликда эмас, меъёрда ҳаёт бор. Кўнгил тўлсин, қорин эмас.

Абдулваҳҳоб Абдурашидов, 
Тўрақўрғон тумани “Абдулваҳҳоб қори” жоме  
масжиди имом-ноиби

Related posts