Жаҳолатга қарши маърифат

ИСЛОМДА “ДОРУЛ ИСЛОМ” ВА “ДОРУЛ КУФР” МАСАЛАСИ

ИСЛОМДА “ДОРУЛ ИСЛОМ” ВА “ДОРУЛ КУФР” МАСАЛАСИ

 

Ҳозирги кунда баъзи тоифалар томонидан “Дорул ислом” (“Ислом диёри”) ва “Дорул куфр” (“Куфр диёри”) тушунчаларининг нотўғри талқин қилинишинатижасида аҳли сунна уламолари сўзларига зид бир қанча фатволар тарқалиб, мусулмонлар орасига ихтилоф солмоқда. Хусусан, мусулмонлар яшайдиган диёрларни Дорул куфр ҳисоблаб, “Бу юртлардан ҳижрат қилиш фарз”, дея асоссиз фатво бермоқдалар.  

Бу мавзуда далил сифатида ояти карима ёки ҳадиси шарифлар келмагани сабаб, мазкур атамаларга нисбатан уламоларнинг ёндашувлари ҳам турлича бўлган. 

Ҳижрий II–III асрларда тўрт фиқҳий мазҳаб мужтаҳид уламолари томонидан “Дорул ислом”, “Дорул ҳарб”, “Дорул куфр”, “Дорул аҳд” ва “Дорул бағий” атамалари қўлланила бошланган. Таъкидлаш жоизки, бу атамалар Қуръонда ҳам, суннатда ҳам очиқ-ойдин келмаган. Шунинг учун уламолар ижтиҳодида бироз фарқлар бор. Ушбу атамаларга қуйидагича изоҳ бериш мумкин:  

“Ислом диёри” – жамоат намозлари, азон, жума, ҳайит ва бошқа Ислом шиорлари ва ҳукмлари амалда бўлиб турган юртдир.  

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Дорул ислом”– Ислом ҳукмлари очиқ-ойдин бўлган ерлардир”.  

“Ислом ҳукмларининг очиқ-ойдин бўлиши” дегани, у ерда ибодатлардан ташқари одоб, ахлоққа зид бўлган ғайриинсоний одатларнинг чекланганлигидир.  

Шунингдек, Ислом таълимотига кўра мусулмонлар яшайдиган жойлар, аввалига мусулмонлар фатҳ қилиб, кейинчалик ғайридинлар қўлида қолдирилган юртлар, яъни мусулмонлар яшаб, кейинчалик ғайридинлар уларни ҳайдаб чиқарган ерларҳам “Дорул ислом” ҳисобланади.  

“Дорул ҳарб” (“Дорул куфр”) – куфр ҳукмлари очиқ-ойдин бўлган ерлар. Яъни, у ерда Ислом ҳукмлари ва шиорлари зоҳир эмас, балки куфр ҳукмлари устун бўлади. Кўпчилик уламолар, ҳозирги кунда халқаро тинчликни таъминловчи ташкилотлар ва битимлар тузилгани сабабли “Куфр диёри”, яъни мусулмонлар билан уруш ҳолатидаги давлатлар қолмади, балки уларнинг ҳаммаси “Даъват диёри”га айланган”, деб фатво берганлар. Энди бундай ҳудудларга Исломни уруш билан эмас, балки даъват усулларидан фойдаланиб тарқатиш лозим бўлади.  

“Дорул аҳд” – келишув ёки сулҳ диёри. “Дорул аҳд”– мусулмонлар билан ерлари ўзларида қолиш шартига кўра тинчлик битими тузган ғайридин юртлар “Дорул бағий” (“Боғийлар юрти”) – “Ислом диёри”нинг бир қисми бўлиб, у ерда давлат бошқарувига қарши бир тўда мусулмонлар йиғилган бўлади.  

Улар қандайдир даъволар билан давлат бошлиғига итоат қилишдан бош тортадилар. Улар Ислом фиқҳида “боғийлар” дейилади. Боғийларга вафот этганда жаноза ўқилмаслиги қаттиқ жазо сифатида белгиланган. 

Юқоридагилардан маълум бўладики, бизнинг юртимизқадимдан “Ислом диёри” ҳисобланади. Бундай диёрдан ҳижрат қилинмайди, балки унга ҳижрат қилиб келинади.  

Сохта даъватчилар чақираётган ўлкалар эса, эътибор қилинса, “Дорул бағий”га тўғри келмоқда. Уларнинг даъватига кўра, мусулмонлар тинч диёрдан ўзларининг жони, моли ва обрўси омонда бўлмайдиган боғийлар ҳузурига ҳижрат қилиши керак экан. Бунинг шариатимиз қонун-қоидаларига мутлақо зид эканлиги маълум бўлиб турибди.  

Мутаассиб даъватчилар бизнинг юртимизни гўёки: “Бу ерлар аввал “Ислом диёри” бўлган бўлса-да, ҳозирда куфр диёрига айланган”, дейишади. 

Жаъфархон Суфиев, 

Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме  
масжиди имом хатиби. 

Related posts