Жамият тараққиёти, айниқса маънавий муҳитнинг соғломлиги кўп жиҳатдан имом-хатибларнинг савияси, дунёқараши ва масъулият ҳиссига боғлиқ. Имом нафақат ибодатни бошқарувчи шахс, балки жамиятга йўл кўрсатувчи мураббий, тарбиячи ва маънавий етакчидир. Шу боис, ўз устида ишлаш ва малака ошириш ҳар бир имомнинг нафақат диний, балки дунёвий бурчи ҳам ҳисобланади.
Илм олиш — фарз ва узлуксиз жараён
Ислом таълимотида илм олиш масаласи энг устувор вазифалардан бири сифатида белгиланади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар баробар бўладими?” (Зумар сураси, 9-оят)
Бу оят илм аҳлининг мақоми юқори эканини кўрсатади. Имом эса, энг аввало, илмли бўлиши керак. Аммо бу илм бир марталик эмас, балки доимий ривожланиб борувчи жараёндир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам илмнинг узлуксизлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир.” (Ибн Можа ривояти)
Бу ҳадисда “ҳар бир мусулмон” дейилгани ҳолда, имомлар бундан-да кўпроқ масъулиятга эга эканлиги аён бўлади.
Танқидий муаммо: юзаки билим ва такрорий ваъзлар
Афсуски, баъзи ҳолларда имомлар орасида бир хил мавзуларни такрорлаш, замон муаммоларидан узилиб қолиш, янги билим ва методларни ўзлаштирмаслик ҳолатлари учрайди. Бу эса жамиятда диний тарғиботнинг таъсирини сусайтиради.
Бугунги кунда ёшлар интернет, ижтимоий тармоқлар орқали турли хил ахборотларни олаётган бир пайтда, имом эскича услубда қолиб кетса, у ўз аудиториясини йўқотади. Бу эса диний саводсизлик ёки нотўғри йўналишларга кириб кетиш хавфини оширади.
Дунёвий билимларнинг аҳамияти
Имом фақатгина фиқҳ ёки тафсирни билиш билан чекланиб қолмаслиги керак. У психология, социология, педагогика, ҳатто замонавий технологиялар ҳақида ҳам тушунчага эга бўлиши лозим.
Қуръонда инсонни тафаккур қилишга ундовчи кўплаб оятлар бор: “Улар осмонлар ва ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладилар...” (Оли Имрон сураси, 191-оят)
Бу оят инсонни кенг фикрлашга, атроф-муҳитни ўрганишга ундайди. Имом эса бу жиҳатдан бошқаларга ўрнак бўлиши керак.
Масъулият ва жавобгарлик
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Барчангиз чўпонсиз ва барчангиз қўл остингиздагилардан жавобгарсиз.” (Бухорий ва Муслим ривояти)
Имом — жамиятнинг маънавий чўпонидир. Агар у ўз устида ишламаса, нотўғри ёки етарли бўлмаган билим билан одамларни бошқарса, бу катта жавобгарликни келтириб чиқаради.
Машойихлардан бири ҳикоя қилади: “Бир куни шайхимга: “Устоз, ушбу китобни тўлиқ ўқиб чиқдим, лекин хотирамда бу китобдан ҳеч нарса қолмади”, дедим”.
Шунда устозим бир дона хурмо бериб: “Буни егин” деди ва бироздан сўнг менга: “хурмо еганинг учун катта бўлиб қолдингми?”, деди.
Мен: “Йўқ”, дедим.
Устозим: “Лекин бу хурмо сенинг баданингга сингиб, сенинг жасадингда гўшт, суяк, пай, тери, соч ва тирноқларга айланмоқда”, деди.
Шунда англаб етдимки, мен ўқиётган китоб ҳам онгимга сингиб, ўзим билмаган ҳолда менинг луғат бойлигимни оширар, ақлимни зиёда қилар, ахлоқимни сайқаллар ҳамда гапириш услубимни гўзал қилар экан".
Амалий ечимлар
Танқид билан бирга ечимлар ҳам таклиф қилиниши зарур:
Доимий малака ошириш курсларида қатнашиш
Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишни ўрганиш
Ёшлар билан ишлаш методикасини ривожлантириш
Китоб мутолаасини кундалик одатга айлантириш
Бошқа соҳа мутахассислари билан ҳамкорлик қилиш
Хулоса
Имомлик — бу фақат лавозим эмас, балки улкан масъулиятдир. Ўз устида ишламаган, замондан ортда қолган имом жамият эҳтиёжига жавоб бера олмайди. Илм эса тўхтаб қолишни эмас, доимий ҳаракатни талаб қилади.
Шундай экан, ҳар бир имом ўзини доимий равишда ривожлантириб бориши, диний ва дунёвий билимларни уйғунлаштирган ҳолда фаолият юритиши зарур. Зеро, бу нафақат унинг шахсий камолоти, балки бутун жамиятнинг келажаги билан боғлиқдир.
Зайниддин Абдужабборов,
Тўрақўрғон туман “Яндама” жоме
масжид имом-ноиби