Жамият аъзоларига муносабат

КАСБ-КОРЛИК — ИБОДАТГА ТЕНГ АМАЛ.

КАСБ-КОРЛИК — ИБОДАТГА ТЕНГ АМАЛ.

Аллоҳ таоло инсонни бу дунёда ҳаракат қилиш, меҳнат қилиш ва ҳалол ризқ топиш учун яратган. Ислом динида ҳалол меҳнат қилиш, ўз қўли билан ризқ топиш ва оиласини таъминлаш энг улуғ амаллардан ҳисобланади. Касб-кор қилиш фақат дунёвий иш эмас, балки тўғри ният билан қилинса ибодатга айланади.

Қуръони Каримда касб-корлик ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
﴿فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِن فَضْلِ اللَّهِ﴾

«Намоз тугагач, ер юзига тарқалинглар ва Аллоҳнинг фазлидан (ризқидан) изланинглар». (Жумъа сураси, 10-оят). Бу оят мусулмон инсон намозини ўқиб бўлгач, ҳалол ризқ топиш учун меҳнат қилишга буюрилганини кўрсатади.

Яна Аллоҳ таоло айтади: ﴿وَأَنْ لَيْسَ لِلْإِنْسَانِ إِلَّا مَا سَعَى﴾

«Инсон учун фақат ўзи қилган саъй-ҳаракатигина бордир». (Нажм сураси, 39-оят). Демак, инсоннинг даражаси ҳам, ризқи ҳам ҳаракати ва меҳнати билан боғлиқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг касб-кор ҳақидаги ҳадислари; Миқдом ибн Маъдикариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳеч ким ўз қўли меҳнатидан топган таомдан кўра яхшироқ таом емаган. Аллоҳнинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ҳам ўз қўл меҳнатидан ер эдилар». Имом Бухорий ривояти. Бу ҳадис ҳалол меҳнатнинг нақадар буюк фазилат эканини кўрсатади.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳалол ризқ талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздан кейинги фарздир». Имом Байҳақий ривояти.

Саҳобаларнинг касб-корга муносабатлари шундай ибодат билан бирга меҳнатни ҳам тарк этмас эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Мен бўш юрган одамни кўрсам, у ҳақидаги фикрим тушиб кетади. У на дунёси учун, на охирати учун ишлаётган бўлади».

Салаф уламолари эса меҳнат қилмай, одамларга юк бўлиб яшашни ёқтирмас эдилар. Бир куни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу масжидда бир гуруҳ одамларни кўриб: — Сизлар кимсизлар? — деб сўрадилар. Улар:
— Биз таваккал қилувчилармиз, — дедилар. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: — Йўқ, сизлар таваккал қилувчилар эмассизлар. Таваккал қилувчи киши ерга уруғ сепиб, кейин Аллоҳга таваккал қилади. Сизлар эса одамларнинг молини кутаётган кишиларсизлар. Сўнг уларни меҳнат қилишга чақирдилар.

Бу ривоят ҳақиқий таваккал меҳнат билан бирга бўлишини англатади.
Ҳалол касбнинг баракаси; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Энг пок касб — кишининг ўз қўли билан қилган меҳнати ва ҳалол савдосидир». Имом Аҳмад ривояти.

Ҳалол меҳнат билан топилган бир бурда нон, ҳаром йўл билан топилган бойликдан афзалдир. Ҳалол луқма фарзандларнинг солиҳ бўлишига, дуоларнинг қабул бўлишига ва хонадонга барака киришига сабаб бўлади.

Хулоса шуки: Мусулмон инсон меҳнатдан қочмаслиги керак. Деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдо, устачилик ва бошқа ҳалол касбларнинг барчаси Аллоҳ наздида қадрлидир. Касб-кор қилиш орқали инсон нафақат ўзини ва оиласини таъминлайди, балки жамиятга ҳам манфаат келтиради.

Салафлар шундай деганлар: «Ҳалол меҳнат билан чарчаб кечқурун ухлаган киши, гуноҳлари кечирилган ҳолда тонг оттиради».

Аллоҳ таоло барчамизни ҳалол ризқ топувчи, меҳнатсевар ва баракали умр соҳибларидан қилсин.


Баҳодирхон Иброҳимов,
Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме

 масжиди имом ноиби

Related posts