Таълим тарбия

СИЛАИ РАҲМНИ УЗМАНГ!

СИЛАИ РАҲМНИ УЗМАНГ!

Исломда динида силаи раҳмга ниҳоят даражада қаттик эътибор қилинган. Ўнлаб оят ва ҳадисларда бу мавзу эсга олинади. Силаи раҳмнинг фазилати, аҳамияти ва зарурати жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларида такрор-такрор уқтирилади. Мўъминларнинг асосий сифатлари баён қилинган оятларда уларнинг қариндош уруғлар билан алоқани боғлашлари ҳақидаги сифатларига алоҳида урғу берилади. Бунинг муқобилида эса бузғунчи бўлган қавмларнинг ёмон сифатлари зикр қилинганда, уларнинг Аллоҳ буюрган ришталарни узишлари ҳақида яъни силаи раҳм қилмасликлари ҳақида хабар берилади. Албатта, бу бежиз эмас. Динимизнинг силаи раҳмга бу қадар юксак аҳамият қаратиши унинг нечоғли аҳамиятга молик бир иш эканидан далолатдир. Сенинг қариндошинг бўлса-ю, унга яхшилик қилмаган бўлсанг, уни йўқламаган, зиёрат қилмаган бўлсанг, ҳеч бўлмаганда унинг ҳаққига ғойибона хайрли дуолар қилиб турмаган бўлсанг, демак, силаи раҳм қилмаган бўласан, мана бу оятга амал қилмаган бўласан. Демак, силаи раҳм қилмаган одамнинг гуноҳига қоласан, охиратда жавоб берасан.

Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъим отасидан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қариндошлик алоқасини узган жаннатга кирмайди” дедилар.

Аллоҳ таоло Ўзи сақласин! Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам, нима бўлганда ҳам, қариндошлик алоқасини узиш жоиз эмас. Иложи борича бу алоқани мустаҳкамлаш ва яхши бир ҳолатда ўтиш ҳаракатида бўлмоқ лозим.

Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъим отасидан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Силаи раҳмни узувчи жаннатга кирмайди” дедилар. Яъни қасддан, билиб туриб, имкони бўла туриб, қариндошларига яхшилик қилмаган, силаи раҳм қилмаган, улар билан алоқани узиб, аразлашиб юрган одам жаннатга кирмайди.

“Бирон-бир гуноҳ Аллоҳ таоло унинг соҳиби учун бу дунёни ўзида жазони тезлаштириб, охиратда  азоб тайёрлаб қўйиши учун раҳмни узиш ва зулм-зўравонликдан кўра лойиқроқ эмас”.  (Бухорий ривояти). Яъни айтилмоқчики, қариндошлар билан алоқани узиш ва бағй-зулм каби гуноҳлар шундай ёмон гуноҳларки, уларни содир қилган кимсага Аллоҳ таоло бу дунёни ўзида жазони тезлаштиради ва охиратда ҳам ундай кимсага азоб тайёрлаб қўйилади. Гуноҳлар ичида мана шундай: ҳам дунё, ҳам охиратдаги жазони лозим қилишга энг “лойиқ” бўлган гуноҳ бу қариндошлар билан алоқани узиш ва бағй (зулм-зўравонлик, фоҳишабозлик) гуноҳи экан. 

Бу ҳақиқат бизнинг динимизда қариндошлик алоқалари қанчалик аҳамиятли эканини, бу нарсага қанчалик эътибор бериш зарурлигини яна бир бор кўрсатади. Кўриб ўтганимиздек, бу ва аввалги ҳадис айнан бир маънони таъкидлайди: қариндошлик алоқасини, яъни силаи раҳмни узувчи кимса жаннатга кирмайди. Иккала ҳадисда ҳам ортиқча изоҳлар, тафсилотлар йўқ. Чунки бунга ҳожат ҳам йўқ. Умумий қилиб айтадиган бўлсак, силаи раҳмни, яъни қариндошлик алоқаларини узишга ҳеч қандай, яна такрор айтамиз, ҳеч қандай сабаб, баҳона бўлиши мумкин эмас. “Мен зулм остида қолдим, шунинг учун золим қариндошим билан борди-келди қилмайман”, “Фалончи менинг ҳақимни еб кетди. Ҳақимни бермагунича, у билан силаи раҳм қилмайман”, “Фалончи – кофир, шу сабабли у билан қариндошлик алоқасини узаман” ва шу каби турли сабаб ҳамда далилларнинг ҳеч бири силаи раҳмни, яъни қариндошлик алоқасини узишга баҳона бўла олмайди. Бу севимли Набийимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига кўрсатган йўлларидир. Бу ҳукм Аллоҳ таборака ва таолонинг буюрганидир.

Манбалар асосида тайёрланди.

 

Юсупов Пахриддин

Наманган туман бош имом хатиби

Related posts