Жамият аъзоларига муносабат

ВАТАНГА МУҲАББАТ-ОЛИЙ САОДАТДИР

ВАТАНГА МУҲАББАТ-ОЛИЙ САОДАТДИР

Ватан – ота-боболарнинг покиза хоклари ила шарафланган маскан. Улуғ донишмандлар айтганидек: «Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормаклари даркор…»

Озод ва обод Ватанда ўсаётган, қалби пок ҳис-туйғуларга тўла ёшларнинг орзулари бир олам. Ватанга муҳаббат, ота-онага, эл-юртга беминнат хизмат қилиш, уларнинг олдидаги фарзандлик бурчини сидқидилдан адо этиш ўша орзуларнинг энг улуғларидан саналади. Бу орзуга эришиш учун инсон болаликдан бошлаб ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, зарур билим, кўникма ва ҳунарларни эгалламоғи, жисмонан бақувват, руҳан соғлом бўлмоғи лозим.

Буюк орзулар катта куч-қувватни, ирода, сабру матонат ва шижоатни талаб этади. Ана шу ғоят оғир ва мураккаб йўлда Ватанга муҳаббат ҳисси биз ёшларга беқиёс қувват бахш этади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтганидек, «Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган одамгина буюк ишларга қодир бўлади».

Дарҳақиқат, ўз Ватанига хизмат қилиб ўтган фарзандлар ҳар бир миллатда эсланиб, миллатнинг қаҳрамонлари сифатида мадҳ қилиниб, хотираси эъзозланиб келинади.

Ислом оламида донг таратган имом Бухорий, имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Қаффол Шоший каби буюк боболаримизнинг Ватанга кучли муҳаббатлари туфайли тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт номи билан боғлаганлари ҳам ана шундай эътироф ва эътиборнинг ўзига хос амалий ифодаси ҳисобланади.

Буюк шоир ва саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ҳам Ватаннинг қадрига етишга ёрқин мисол бўла олади. Ўз даврининг йирик давлатларидан бирининг ҳукмдори бўла туриб, Бобур мирзо бир умр Андижонни, сўлим Фарғонани, бобокалонларидан мерос бўлган Самарқандни қўмсаб ўтади, ижодининг салмоқли қисмида Ватан соғинчи уфуриб туради.

Ватан инсон учун муқаддас, ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган туйғудир. У ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир.

Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ватаннинг сарҳадлари фақатгина қўшни давлатлар билан чегара ҳудудлари эмас, балки, унинг сарҳади икки хил маънода тушунилади. Лафзий ва маънавий сарҳадлар бор. Бу иккаласининг ҳам ўзига хос аҳамиятлари бор. Масалан, ўқитувчи ўқувчиларга билим бериб, уларни ўқитяпти, билмаган нарсаларини ўргатиб, улардаги илмсизликни кетказмоқда. Шифокорлар эса, кишиларнинг дардини аритиб, уларга ҳаётда соғлом турмуш тарзини тавсия қилишмоқда. Булар ҳам албатта ватаннинг ҳимоячиси, қалқони, таянчи десам, янглишмасам керак. Чунки ўқитувчилар маънавий сарҳадлар ҳимоячилари бўлса, шифокорлар тиббий саломатлик ҳимоячиларидир. Демакки, буларнинг ҳаммаси маънавий сарҳадларнинг ҳимоячилари саналади.

Лафзий сарҳадлар деганда ҳаммамиз кўриб турганимиздек ва юқорида айтиб ўтганимиздек, юртнинг чегараларини тушунамиз. Буни албатта бунга муносиб бўлган баҳодирлар қўриқлайдилар. “Ватанни– мардлар қўриқлайди”, дея доно халқимиз бежиз айтмаган.

Киши ўз олдига албатта маълум мақсадларни қўйиб яшайди. Унга эришиш йўлида ҳар ким турлича услубларни қўллайди. Аммо азизларимиз, алломаларимиз эса бунга ҳам маслаҳат берганлар ва керакли бўлган йўлларни тавсия қилиб кетганлар.

 

Абдулазиз Камалов,
Наманган шаҳри “Уста Исматуллоҳ” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts