Ақидадан адашмайлик

ВАСИЛА ҚИЛИШ ҲАҚИДА.

ВАСИЛА ҚИЛИШ ҲАҚИДА.

Васила луғатда “у билан ўзгага яқин бўлинадиган нарса” маъносини англатади. Истилоҳда эса “дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш,     васила деб аталади”.  

Васила дуонинг мақбул бўлиш даражасини кўтариш мақсадида қилинади.  

Васила қилиш бандадаги муҳаббатнинг, Аллоҳ таолога далолат қиладиган нарсаларни улуғлашининг аломати ҳисобланади.  Зеро бундай иш Қуръони каримда қалбларнинг тақвосидан экани айтилган:  

وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ  

Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу, қалбларнинг тақвосидандир[1].  

Чунки қилинган амаллар қалбдаги тақвога далолат қилади.  

Шу ўринда васила қилиш восита қилиш эмаслигини, ундан тубдан фарқ қилишини билиб қўйиш лозим. Чунки банда ўзининг қалбидан ўтказаётган нарсаларини ҳам билиб турувчи Зотга восита орқали муножот қилмайди, балки васила қилади. Шу маънода Аллоҳ таолодан васила қилиб сўраш восита қилишдан қуйидаги жиҳатлардан фарқ қилади:  

1. Восита қилиш ҳаққи поймол бўлган кишининг бирор кишини ёки бирор нарсани ўртага солиб золимдан адолат сўраши маъносида ишлатилади. Васила қилишда эса ўртага бирор нарсани восита қилиб Аллоҳ таолодан адолат сўраш маъноси йўқдир. Балки дуонинг мақбул бўлиш даражасини ошириш учун  Аллоҳ таоло ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилишдир.  

2. Восита қилиш икки тараф ҳам манфаатдор бўладиган нарсага нисбатан ишлатилади. Масалан, бир шахс бирор нарсани восита қилиб иккинчи шахс орқали ишини битказиб олса,     иши битганидан кейин унга миннат қилиши ҳам мумкин бўлиб қолади. Чунки у ҳам бу ишдан озми-кўпми манфаат кўрган бўлади. Васила қилишда эса фақатгина бир тараф, яъни банда манфаатдор бўлади. Зеро Аллоҳ таоло бандаларидан манфаат кўришдан олий бўлган Зотдир.  

3.     Восита қилишда бир тараф иккинчи тарафга у билмаган нарсани кимдир ё нимадир ёрдамида билдиришга ҳаракат қилади. Васила қилишда эса ошкора ва махфий барча нарсаларни билгувчи Зотга Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилинади.  

Шунинг учун васила қилувчида ушбу тушунчалар ҳақида тўғри тасаввур бўлиши лозимдир.  

Қуръони каримда васила ахтаришга буйруқ келган:  

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ  

“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтаринглар”[2].  

Ушбу оятнинг тафсирида Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу оят Аллоҳга исён қилишдан сақланиш билан Унга муқарраб бўлишга урининглар” маъносини англатади”, деган.  

Василанинг бешта тури бўлиб, улардан тўрттасининг жоиз эканида бирор ихтилоф йўқдир:  

1.  Замон. Арафа куни, Рамазон ойи, Зул ҳижжанинг ўн куни, ҳар кечанинг охирги қисми ва ҳакозо васила қилинадиган маълум бир вақтлар бўлиб, уларни васила қилиб дуо қилиш мумкин ҳисобланади. Масалан, “Эй Аллоҳим, Рамазон ойини васила қилиб сўрайман”, дейиш мумкин.  

2.   Макон. Каъба, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари, Масжидул ақсо ва ҳакозо васила қилинадиган маълум бир маконлар бўлиб,  уларни васила қилиб дуо қилиш мумкин ҳисобланади. Масалан, “Эй Аллоҳим, Каъбани васила қилиб сўрайман”, дейиш мумкин.  

3.  Ҳол. Яъни васила қилинадиган маълум бир ҳолатлар бор. Масалан, суянадиган ҳамма нарсасидан умиди узилиб, ҳеч илож топа олмай чорасиз қолган киши ўзининг ночор ҳолатини васила қилиб сўраши мумкин ҳисобланади. Бундай ҳолатга тушгани кишининг дуолари қабул бўлиши Қуръонда баён қилинган;  

أَمَّنْ يُجِيبُ الْمُضْطَرَّ إِذَا دَعَاهُ  

Ёки музтар (ночор) одам дуо қилганда ижобат этадиган[3].  

Шунинг учун ҳам суяниладиган ҳамма нарсадан умид узилиб, чорасиз қолган пайтда беихтиёр Аллоҳ таолога ёлворишга, Унга илтижо қилишга ўтиш барча инсонларнинг табиатида бор бўлган хусусиятдир.  

4.       Амаллар. Яъни васила қилинадиган маълум бир амаллар бор. Масалан, намоз ўқиб, рўза тутиб, сада  

қа бериб, ҳаж қилиб, умра қилиб, Қуръон тиловат қилиб, зикр ва тасбеҳ айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб, истиғфор айтиб, дуо қилиб, мўминларнинг дуоларини олиб, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини айтиб, савоб ишлар қилиб ва ҳаром ишлардан воз кечиб васила қилиш мумкин.  

Василанинг ушбу тўртта турининг жоизлигида ихтилоф йўқ. Аммо қуйидаги бешинчи тури ҳақида ихтилоф қилинган.  

5.     Маълум шахсларни васила қилиш. Яъни маълум шахсларни васила қилиш мумкин. Аммо бундай васила қилиш мумкин эмас деганлар ҳам бор. Василанинг ушбу тури ҳақидаги ихтилофларни умумий уч қисмга ажратиш мумкин:  

А. Мўътазила ва хавориж фирқалари бирор шахсни васила қилишни мутлақ инкор қилишган. Ўзларининг бу даъволарига     Қуръон ва суннатда келган умумий хабарларни далил қилиб келтиришган. Масалан: Қуръони каримда фақатгина Аллоҳдан ёрдам сўраш баён қилинган:  

وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ  

“Ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз”[4].  

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:  

إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللَّهَ وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللَّهِ  

“Агар сўрасанг Аллоҳдан сўра, агар ёрдам сўрасанг Аллоҳдан ёрдам сўрагин”. Термизий ривоят қилган.  

Ушбуларга ўхшаш оят ва ҳадисларнинг зоҳирларини далил қилишиб, бирор шахсни васила қилиш мумкин эмас, деганлар.  

Б. Баъзи уламолар бирор улуғ шахсни васила қилиш жоиз фақат у тирик бўлиши шарт, дейишган. Ўзларининг бу қарашларига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирадилар:  

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ كَانَ إِذَا قَحَطُوا اسْتَسْقَى بِالْعَبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ فَقَالَ اللَّهُمَّ إِنَّا كُنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّنَا صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَتَسْقِينَا وَإِنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِعَمِّ نَبِيِّنَا فَاسْقِنَا قَالَ فَيُسْقَوْنَ.      رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ  

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб агар қурғоқчиликка дуч келсалар Аббос ибн Абдулмутталиб билан (васила қилиб) ёмғир сўраб шундай дерди: “Эй Аллоҳим биз сенга Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб сўрар эдик, Сен бизга сув берар эдинг.  Биз энди Сендан Набиййимизнинг амакиларини васила қилиб сўраймиз, бизларга сув бергин”. Сўнгра уларга сув берилар эди”. Бухорий ривоят қилган.  

Яъни, ушбу ривоят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни вафот этганларидан сўнг васила қилиб бўлмаслигига далолат қилади, дейдилар.  

В. Аҳли суннанинг жумҳури бирор улуғ шахсни васила қилиш жоиздир, васила қилиш учун у зотнинг тирик бўлиши шарт эмас, деганлар. Аҳли сунна жумҳури юқоридаги ҳадисни далил қилиб келтирганларга бир қанча раддиялар қилганлар:  

- Мазкур ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни вафот этганларидан сўнг васила қилиб бўлмаслигига далолат қиладиган бирорта ҳам очиқ-ойдин лафз йўқ;  

   Ушбу ривоятнинг ўзини аслида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиш жоизлигига далил дейиш ҳам мумкин. Чунки Умар розияллоҳу анҳу “Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб сўрар эдик”, деган. Маълумки, ушбу қурғоқчилик йили Миср фатҳ этилгандан сўнг ўн саккизинчи ҳижрий йилдан кейин бўлган. Шунга кўра, бу ривоят ўтган йиллар мобайнида ҳаётда бўлмаганлари учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор марта ҳам васила қилишмаган, деган маънога далолат қилмайди.  

Мана шу қараш бизнинг васила қилиш ҳақидаги эътиқодимиздир.  

Аллоҳ таоло барчаларимизни мусаффо этиқод билан яшаб, унинг самараларидан дунёю охиратда баҳраманд бўлиш бахтига муваффақ қилсин.  

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.  

Исломхон Усманов ,   
Наманган шаҳар “Ҳўжа Амин ” жоме   
масжиди имом хатиби.  

Related posts