Наманган вилоятида Рамазон ойини кўтаринки кайфият ва катта хурсандчилик билан кутиб олиш ва кузатиш анъанага айланган. Бу йилги Рамазон эса, айниқса, алоҳида меҳр ва эътибор билан ўтказилди. Давлатимиз раҳбарининг "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги Қарори ушбу табаррук ойнинг файзига файз қўшди ва халқимиз томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди.
Вилоятимиздаги 193 та масжидда таровиҳ намозлари адо этилди. Шулардан 190 тасида юртимизнинг моҳир қорилари Қуръони каримни тўлиқ хатм қилишди. Намозхонлар қорилар томонидан тиловат этилган Қуръонни қизиқиш билан тинглаб, қалбларига тинчлик ва ҳузур олиб киришди. Айниқса, Қадр кечасидаги хатми Қуръонлар, қилинаётган дуолар халқимиз қалбига хотиржамлик бахш этди.
Рамазон ойи – эҳсон, саховат, яхшиликлар ойидир. Шуни инобатга олган ҳолда, бу йилги қутлуғ ой "Рамазон — саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи" шиори остида ўтказилди. Наманган вилоятидаги барча шаҳар ва туманларда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бор шахслар учун 1000 дан ортиқ ифторлик дастурхони ёзилди. 1500 нафар кам таъминланган ва 800 нафар ногиронлиги бор фуқаролар хонадонларида ифторликлар ташкил этилди. Ушбу ифторликларда имом-хатиблар иштирок этиб, дуоларда Яратгандан халқимизнинг тинчлиги, фаровонлиги ва бахт-саодати сўралди.
Бу йилги Рамазон ойида 3 000 дан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Ёнғин ҳодисалари туфайли зарар кўрган 100 дан ортиқ хонадонлардаги инсонлар ҳолидан хабар олиниб, 20 дан ортиқ ночор оилаларнинг уй-жойларини таъмирланди. Кўрсатилган бундай беминнат ёрдамлар халқимизни бирлаштирди, кўнгилларни қувонтирди. Эътибордан мамнун бўлган фуқароларимиз кўзларида ёш, дилларида миннатдорчилик билан дуолар қилишди.
Бу йилги Рамазон ойининг яна бир ўзига хослиги шундаки, яқинда Президентимизнинг буюк олим Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор халқимизни, илм аҳлини руҳлантирди ва мотуридийлик таълимотининг бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини кенг тарғиб қилишга туртки берди.
Рамазон ҳайитига вилоятимизда катта тайёргарлик кўрилди. Ҳайит арафасида Давлатобод, Уйчи ва Чортоқ туманларида янги боғлар барпо этилиб, 600 туп мевали ва манзарали дарахтлар экилди. Байрам арафасида Президентимизнинг халқимизга йўллаган табриги мўмин-мусулмонларимиз қалбини янада қувонтирди. Бу табрик халқимизга муқаддас динимизга юксак эътибор, асрий анъаналаримизга чуқур ҳурмат ифодаси сифатида етиб борди.
Хулоса қилиб айтганда, бу йилги Рамазон ойи Наманган вилоятида саховат, бирдамлик ва бағрикенглик руҳида ўтди. Муборак ойни шундай юксак даражада ўтказишга ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорчилик билдирамиз.
Рамазон ҳайити барчамизга қутлуғ, хайрли ва барокатли бўлсин!
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Наманган вилояти бош имом-хатиби.