Таълим тарбия

УМР ҒАНИМАТДИР

УМР ҒАНИМАТДИР

Ислом дини инсоннинг ўтаётган ҳар бир куни ва соатидан унумли фойдаланишга тарғиб ҳамда ташвиқ қилади. Зеро, вақтнинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиш, дин ҳамда дунёда манфаат берадиган, миллат ва элатга яхшилик қилиш, моддий ҳамда маънавий юксалишга олиб борадиган хайрли ва савобли ишлар билан машғул бўлиш барчанинг муҳим вазифасидир. Чунки вақтнинг қиймати бебаҳодир.

Инсон ҳар тонг янги кунни қарши олар экан, унинг ихтиёрига 24 соат вақт берилади. Бу унга ҳар куни бериладиган 14440 дақиқа ёки 86400 сониялик фурсатдир. Ўтаётган вақтимиз ҳақида ўйлаб кўрадиган бўлсак, соат милларининг “чиқ-чиқлари”, аслида азиз умримизнинг тўхтовсиз парчаланиб кетаётган онлари эканини ҳис этамиз. Ушбу онлар бизнинг яхши ёки ёмон амалларимизга гувоҳ бўлиб ўтиб бормоқда.

Аллоҳ таоло инсон учун берилган умрни беҳуда ўтказмай, уни яхшилик ҳамда савоб ишларида сарфлаш ва охиратда зое қилинган умр учун афсус-надомат чекмаслик ҳақида огоҳлантириб, жумладан, шундай дейди: “...Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!” (“Фотир” сураси, 37-оят).

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг бошқа бир ҳадиси муборакларида вақт ҳамда умр ҳақида айтган ҳадиси шарифлари барчамиз учун ибратдир. Ул зот айтадилар: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида”, - дейилади (Имом Термизий ривояти).

Ҳасан Басрий (р.а.)дан ривоят қилинган ушбу ҳикматда шундай дейилган: “Ҳар куни тонг ёришганида Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: Эй, одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан яхши амаллар қилиб фойдаланиб қол, чунки мен қиёмат кунигача қайтмайман, деб айтади. ”

Барчаларимиз ўтаётган ҳар бир сония, дақиқа ҳамда кеча-кундузларимиздан ибрат олишимиз ва фойдаланишимиз керак бўлади. Зеро, кеча ҳамда кундуз янгиларни эскитади, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни улуғ ёшга киритади, кексаларни боқийлик сари яқинлаштиради. Шунинг учун барчамиз умрни ғанимат билмоғимиз ва уни энг фойдали ҳамда савобли ишлар билан ўтказмоғимиз лозим.

Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни вақтни зое қилмайдиганлар жумласидан айлаб, уни эзгу амаллар йўлида сарфлайдиган солиҳ ҳамда ғайратли бандалари жумласидан қилсин. Озод ва обод диёримизни янада фаровон айлаб, тинчлик ҳамда хотиржамликда умр кечиришимизни насиб айласин.

 

Азимхон Махмудов,
ЎМИнинг Наманган вилоят вакиллиги 
ёшлар билан ишлаш мутахассиси

Related posts