Жамият аъзоларига муносабат

Шукроналик билан яшаётган юртнинг келажаги нурли бўлади

Шукроналик билан яшаётган юртнинг келажаги нурли бўлади

Энг улуғи ва азизи истиқлол нафақат эл-юрт бошига, балки, динимиз  амаллари ва эътиқодимиз дурдоналарига ҳам манфаатли, баракали бўлди. “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” эзгу ғояси асосида Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллиги нишонланаётган айни шу дамларда ҳурликка ҳамоҳанг равишда тинчлик-тотувлик, миллатлар ва динлараро дўстлик, бағрикенглик бизга ато қилинган катта туҳфадир.

Мустақилликни орзу қилиб, катта бир авлод, не не улуғ алломалар, миллатимиз ифтихори, ватанпарвар инсонлар армонда ўтдилар, десак асло муболаға эмас. Озодлик учун курашган ота-боболаримиз, миллатнинг онгу тафаккурини уйғотиш йўлида шаҳид кетган жадид уламоларимиз, мардонавор заҳматкаш халқимиз мустақиллик йўлида ҳеч қачон чекинмади.

Эътироф этиш жоизки, мустақилликнинг ўтган йиллари давомида жонажон Ўзбекистонимизда фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний соҳани тубдан ислоҳ қилиш борасида улкан ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Янги масжидлар қурилди, борлари кўркам таъмирланди. Ҳаж ва Умра зиёратларига катта йўл очилди. Улуғ боболаримиз хоки пойлари ётган қутлуғ қадамжолар обод бўлди.

Жумладан, Наманган вилоятида 190 дан зиёд жоме  масжидлар эмин-эркин фаолият юритмоқда. Қолаверса, ота боболаримизнинг жуда кўпчилиги орзу қилиб етиша олмаган Ҳаж ва Умра сафарларига шу йилнинг ўзида ҳаж амалини бажариш учун вилоятимиздан икки мингга яқин ҳамюртларимиз бориб, ибодатларни тўла тўкис адо қилиб, ҳукуматимиз раҳнамолигида диёримизга қайтдилар. 

Мустақиллик куни арафасида давлатимиз раҳбарининг фармони билан муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳазратлари “Олий даражали имом Бухорий” ордени билан, Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Абдуллаев, Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамахсуд Алимов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаххор Юнусов, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Минор” масжиди имом-хатиби Раҳматула Сайфудинов “Имом Бухорий” ордени билан тақдирлангани ҳам дин соҳасига кўрсатилаётган эҳтиром ифодаси бўлди.

Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни ўзида мужассам этувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одатларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир. Дуога қўл очилса, Аллоҳдан хонадонларимизни тинч, юртимизни обод қилгин деб юзига фотиҳа тортади. Ҳар бир яхшилик, эзгулик устида тинчлик бўлсин дея, келажак учун яхши ниятлар қилади. Бир сўз билан айтганда, инсониятга, дов-дарахтга, чорва-молга, қурт-қумурсқага ҳаводек зарур бўлаётган тинчлик-хотиржамлик, осойишталикдан ҳам зиёда, мўътабар неъмат йўқ.

Ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, ҳатто ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб, улар билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирган. Кўп миллатли юртимизда мана шундай ўзаро ҳурмат, тотувлик ва якдиллик давом этар экан, Ватанимиз янада фаровон, янада ривож топади.

Дориламон кунларни ғанимат билиб, бунинг шукронасини адо қилиб, ҳар биримиз юртимизнинг янада равнақ топишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас китобида “Агар неъматларимга шукр қилсаларингиз мен неъматимни зиёда қилиб бераман”, деган. 

Яратган мустақиллигимизни абадий, бизларни неъматларга шукрона келтирувчилардан бўлишимизни насиб этсин.

Мусохон Аббосиддинов,

Наманган вилояти бош имом-хатиби. 

ЎзА.

Related posts