Жамият аъзоларига муносабат

МУСТАҚИЛЛИК БЕҚИЁС БУЮК НЕЪМАТ.

МУСТАҚИЛЛИК БЕҚИЁС БУЮК НЕЪМАТ.

    Шу кунларда халқимизнинг ғурур-ифтихори бўлган мустақиллигимизнинг 34 йиллиги байрамида турибмиз. Фурсатдан фойдаланиб, барчаларингизни мустақиллик байрами билан чин дилдан табриклаймиз! Халқимиз асрлар давомида интилиб, орзиқиб кутган,  барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам бўлмиш Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни билан сиз азизларни муборакбод этамиз .Аллоҳ таоло Ватанимизни доимо обод, фаровон ва тинч юртлардан қилсин! Ватанимиз равнақи йўлида астойдил, фидокорона меҳнат қилаётган раҳбару ходимларнинг хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!

    Ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган хайрли ишлар, эришилган ютуқларимизни яна бир карра эслаб ўтмоғимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Юртимизда ҳар соҳада янгиликлар, халқ фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шахсан муҳтарам Президентимизнинг ўзлари ҳар соҳанинг ичига бевосита кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўл-йўриқларини ҳам оқилона тарзда кўрсатиб бермоқдалар. Жумладан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар қаторида кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган кишиларни ҳам алоҳида имтиёз асосида уй-жойлар билан таъминлаб берилаётгани таҳсинга сазовордир.

    Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларимиз қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

   Сўнги йиллар давомида барча соҳалар каби диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Кейинги  йилларда муборак Ҳаж сафарига борувчилар сони уч баробарига оширилгани ва йил давомида Умра зиёратига бориш имконияти мавжуд бўлгани мўмин-мусулмонларимиз қалбида мамнуният пайдо қилди. Аллоҳ таолонинг байтини Ҳаж қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси саналади. Жорий йилда нархлар арзонлаштирилди ва хизмат сифати янада яхшиланди.

    Бир вақтлар ўз динимизга эътиқод қилиб, динимиз кўрсатмаларига амал қилишга ҳаққимиз йўқ эди. Она тилимиз иккинчи даражали эди. Мана, мустақиллик шарофати ила динимизга, тилимизга яна эга бўлдик. "Тилга эътибор - элга эътибор" дейди доно халқимиз.

   Адолат ўрнатиш, авф қилиш – динимизнинг асосий ғояларидандир. Адолатпарварлик ва кечиримлилик – жамият фаровонлиги ҳамда юрт ободлиги учун муҳим омил ҳисобланади.

  Турли хил сабаблар билан уруш бўлаётган минтақаларга кетиб қолган ва тутқунликда бўлган бир қанча ватандошларимиз юртимизга қайтариб олиб келинди.

   Шариатимизда бағрикенглик ва афв этишга кўп даъват қилинган. Чунки, афв қилиш – Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларидан биридир. Парвардигоримиз ояти каримада:

  وَإِنْ تَعْفُوا وَتَصْفَحُوا وَتَغْفِرُوا فَإِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ

яъни: “...Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир”, – деган (Тағобун сураси, 14-оят).

   Алдов оқибатида ўзга юртларга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу ватандошларимизга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилди, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.

   Бу кунларга, бўлиб ўтган тарихий воқеаларга сиз-у биз барчамиз гувоҳмиз. Таърифга ҳожат йўқ: бунёд этилган иншоотлар, шаҳар - қишлоқларимизнинг ободлиги, халқимизга берилган эркинликлар, шароитлар, фаровон ҳаёт учун Аллоҳ таолога шукрлар бўлсин! Мустақиллигимиз бардавом бўлсин, азиз ватандошлар!!!

Муҳиббуллоҳ Ҳудайбердиев?
Тўрақўрғон туман бош имом-хатиби.

Related posts