Бугунги кунда ўзларини турли ҳил жозибадор номлар билан атаб, одамларни алдаш билан шуғилланаётганлар ҳамда уларни найрангига учаётганлар, афсуски, кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу имтиҳон дунёда ҳаётнинг паст-баландларига бардош қилмайдиган, тушкунликка тушган баъзи инсонлар турли ҳил важҳлар билан фолбинлик ва сеҳргарликни иддао қилаётган кимсаларга мурожаат қилиб, уларнинг бозорини ривожланишига сабабчи бўлмоқдалар.
Бу каби ҳолатларни олдини олиш учун димизда “фолбинлигу” “сеҳргарлик” тушунчаларга бўлган муносабатни ўрганиб чиқишимиз мақсадга мувофиқдир.
Ислом дини таълимотларида фолбинлар ва уларга ишонувчилар қаттиқ қораланади. Сабаби-фолбинлар инсонлар ўртасидаги ижтимоий алоқаларга катта зарар етказади, кишилар ўртасида билиб-билмай душманлик уруғини сочади. Ғайбни билишни даъво қилади. Бу даъволари катта гуноҳ эканлигини англамайдилар ҳам.
Қуръони каримада Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга шундай дейишларини буюради:
“Айтинг(эй Муҳаммад!): Аллоҳ ҳоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлар эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлар эди” (Аъроф сураси, 188-оят ).
Буюк аждодимиз Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ таъкидлашларича, ушбу ояти карима Макка мушриклари Пайғамбаримиз аҳайҳиссаломдан Қиёмат қачон бўлиши ҳақида савол беришганда нозил бўлган. Қиёматни қачон бўлиши эса ғайб илмлардан бўлиб, уни Аллоҳдан ўзга билмайди. Ояти каримада айнан шунга урғу берилган. Аллоҳ таоло пайғамбарларига билдирган баъзи ғайб ишлари бундан мустаснодир.
Шундан келиб чиқиб, аллома ояти каримани қуйдагича тафсир қилганлар: “(Аллоҳ ҳоҳлаганидан ташқари)мен ўзим учун на яхшилик келтира оламан ва на бало-офатни қайтара оламан. Агар менга бир озор етса, уни тўсиш қўлимдан келмайди. У ҳолда мен Қиёмат соатини қайси пайт бўлишини қаердан билишим мумкин?!” (“Баҳру улум” тафсири)
Демак бу дунёда бирор ким Аллоҳ ҳоҳлаганидан ташқари зарар ёки фойда келтиришга, яъни келаётган балони қайтариш ёки кимнидир бахтли қилишга ҳеч бир банда қодир бўлмайди.
Абдулбосит Лутфуллаев,
Наманган шаҳар "Боқи мирзо" жоме
масжиди имом ноиби.