Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари дедиларки: “Билгил! Одамлар гўзал хулқнинг моҳияти, унинг нима эканлиги ҳақида кўп гапирдилар, лекин аслни очиб бера олмадилар. Гўзал хулқ меваларини санадилар, аммо бунида тўла қамраб ололмадилар. Балки, хотирига нима келса, ўша пайт зеҳнида нима бўлса гапирдилар, гўзал хулқ чегараларига эътибор қаратмадилар. Гўзал хулқнинг барча самараларини ўз ичига олган моҳиятни муфассал баён қилолмадилар”.
Донишманд олимларимиз гўзал ахлоқларни санаб, сонини беш юзга етказган бўлсалар, демак, ёмон иллатларнинг адади ҳам айнан шунча бўлади. Чунки ҳар қандай яхши хулқнинг зиддида ёмони ҳам туради.
Яхши хулқни эгаллашга интилган инсон ёмон иллатдан сақланишни ҳам билиши шарт. Баъзиларнинг айтишича, гўзал хулқ - одамларга яқин бўлиш ва уларда содир бўладиган ёмонликлардан четда туриш экан.
Инсон гўзал ахлоқли бўлса, ишлари юришади, инсонлар билан муомала ва муносабати яхши йўлга қўйилади. Бошқаларга ҳам фойдаси етади. Бошқаларнинг бахтга етишига сабаб бўлади. Ёмон хулқли инсон эса бошқаларнинг хафагарчиликларига, жамоат тартибининг бузилишига сабаб бўлади. Бир қанча келишмовчиликларни, ҳатто нотинчликларни юзага келтиради.
Инсон ишончдан иборат. Яъни: ишончи яхши бўлса, яхши ишларга ишонса – яхши инсон; ишончи ёмон экан, демак, ёмон инсон бўлади. Ҳазрати шайх Абдуллоҳ ибни Муборак (қ.с.а.) деганларким: "Ҳар кимда адаб йўқтур, суннатдан маҳрум бўлур. Ҳар кимки суннатни тутмаса, фарзлардан маҳрум бўлур. Ҳар кимки фарзларни бажармаса, маърифатдан маҳрум бўлур. Энди яхши ва ёмон хулқларга нималар кириши билан қизиқиб кўрайлик: донолардан ҳикматким, тўрт нарса ҳамма учун керак: саломатлик, гўзал хулқ, ростгўйлик ва ҳалол меҳнат.
Байт: Ҳар кишида бўлса эрликдан нишон,
Ҳеч бир одамга раво кўрмас зиён.
Беш нарса ақлли одам хислати: қўлдан кетган нарсаларга ачиниб ўтирмаслик, меҳнатдан қочмаслик, мағрур бўлмаслик, қўлдан келмаган ишга киришмаслик, хоҳлаган нарсаси қўлга кирмаганига қайғурмаслик.
Олти нарса роҳатда яшашга ёрдам беради: ишчанлик, ҳақиқий дўст, тарбияли фарзанд, меҳрибон хотин, ширин, мақбул сўз ва ақлу фаросат.
Байт: Хоҳласангким, эл сани яхши кўрар,
Бўлмагил ҳар кимга бадгў, бад назар.
Саккиз хислат олижаноб одамларда топилади: афв, тавозе, шафқат, қўли очиқлик, очиқ юзли бўлиш, ҳаё, номус ва мурувват, кичикларга шафқат, қаноатли бўлиш, вафодорлик, иффат ва адолат.
Ўн хислатни қўлдан бермаслик лозим: тўғрилик, инсоф, мулойимлик, олим ва фозиллар билан суқбат, қариларга ҳурмат, кичикларга шафқат, қаноатли бўлиш, вафодорлик, иффат ва адолат.
Мўьминликнинг ўзига ҳос шартлари мавжуд. Шулардан бири - гўзал хулқ соҳиби бўлиш. Ёмон хулқ эгасининг мўъмин бўлишини тасаввур этишнинг ўзи ғалати. Шарафли ҳадисда айтиляптики: «Мўъмин киши Аллоҳ таоло учун баъзи фаришталардан кўра афзалроқдир. Мўъмин киши Аллоҳ таоло учун муқаррабин фаришталардан ҳам кўра мукаррамроқдир».
Мумтоз адабиётимизда ҳам тез-тез тилга олинувчи "муқаррабин малоикалар" дейилганда Аллоҳ таолога яқин, доимо суҳбатда бўлиб турувчи фаришталар назарда тутиладиким, шарафли ҳадисга кўра, мўмин банда Тангри таоло учун яқин фаришталаридан ҳам азизроқ экан.
Нуриддин Хамракулов,
Учқўрғон тумани “Саттибой халфа” жоме
масжиди имом ноиби