Жамият аъзоларига муносабат

"КАМБАҒАЛЛИКДАН ФАРОВОНЛИК САРИ" ДИНИМИЗ ТАЪЛИМОТЛАРИДА

"КАМБАҒАЛЛИКДАН ФАРОВОНЛИК САРИ" ДИНИМИЗ ТАЪЛИМОТЛАРИДА

Ислом дини фақат ибодатлар билан чекланиб қолмай, балки инсон ҳаётининг барча жабҳаларида тўғри йўлни кўрсатувчи мукаммал таълимотлар тизимидир. Ислом инсониятни на фақат ахлоқ, балки моддий жиҳатдан ҳам фаровонлик сари бошлайди. Камбағаллик – бу ҳаётда бўладиган синовлардан бири бўлиб, ундан чиқиш йўллари ҳам Исломда мукаммал баён қилинган. 

Камбағаллик – синов ва масъулият.  

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Камбағаллик гуноҳ эмас, лекин унга таслим бўлиб яшаш ҳам тўғри эмас». 

Исломда камбағал инсон таҳқирланмайди, аксинча, унга ёрдам бериш амри-маъруф саналади. Лекин динда камбағалликни мақсад сифатида қабул қилиш эмас, балки ундан чиқиш, ризқ излаш, ҳалол меҳнат қилишга тарғиб бор. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: «Эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам меҳнат қилганларининг ҳаққини берамиз» (Нисо сураси, 32-оят) 

Бу оят инсонни фаол, меҳнаткаш ва ризқ талабида бўлишга ундайди. Демак, Ислом инсониятни камбағалликка емас, балки ҳалол ризқ орқали фаровонликка бошлайди. 

Ҳалол меҳнат – фаровонликка элтувчи йўл бўлади.  

Ислом таълимотларига кўра, инсон ҳалол ризқ топиш учун ҳаракат қилиши лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  шундай деганлар: «Ҳеч бир кимса ўз қўли меҳнати билан топганидан яхшироқ ризқ емас». 

Ҳалол меҳнат инсонни нафақат моддий жиҳатдан бой қилади, балки уни руҳан ҳам юксалтиради. Динимизда ҳалол касб ва тадбиркорлик ҳам ҳаром емас, балки фазилатли ишлардандир. Уламоларнинг таъкидлашича, бойликни Аллоҳнинг розилиги йўлида ишлатиш энг катта савобли амаллардан биридир. 

Садақа ва закот – жамиятда фаровонлик гарови.  

Исломда моддий жиҳатдан етарли бўлган инсонлар учун камбағалларга ёрдам бериш фарздир. Бу–закот, фитр, садақа каби ибодатлар орқали амалга оширилади. Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади: «Уларнинг молларида муҳтож ва маҳрумлар учун ҳақ бор» (Зорият сураси, 19-оят) 

Бу оят жамиятдаги моддий тенгликни таъминлаш, камбағалликни камайтириш ва фаровонликни кенгайтиришни кўзда тутади. Ҳар бир бой инсон ўз бойлигида муҳтожлар учун ажратилган улуш борлигини унутмаслиги керак. 

Дуо, шукр ва сабр – фаровонликка элтувчи руҳий кучлардир.  

Камбағалликдан фаровонлик сари йўлда инсон руҳан мустаҳкам бўлиши керак. Бунинг учун энг муҳим восита – сабр, дуо ва шукр. Аллоҳ таоло сабр қилганларни яхши кўради ва уларга мукофотлар беришини ваъда қилади: «Албатта, сабр қилганларга бехисоб ажр берилади» (Зумар сураси, 10-оят) 

Шукр қилган инсонга Аллоҳ янада кўпроқ неъмат ато қилади: 

 «Агар шукр қилсангиз, албатта сизларга янада кўпроқ бераман» (Иброҳим сураси, 7-оят) 

Инсон қийинчиликлар даврида дуо қилса, сабр қилса ва шукрда собит бўлса, Аллоҳ уни албатта фаровонликка чиқаради. 

Ислом дини инсонни камбағалликда яшашга даъват қилмайди, балки ҳалол йўллар билан фаровон ҳаёт сари интилишга, меҳнат қилишга ва жамиятда бир-бирига ёрдам беришга чорлайди. Фақирлик синов бўлса, бойлик – имтиҳон. Ҳар икки ҳолатда ҳам мусулмон ўз бурчини билиб, Аллоҳга таваккул қилиб, шукр ва сабр билан ҳаёт кечирса, дунё ва охиратда мукофот топади. Камбағалликдан фаровонлик сари саъй-ҳаракат қилиш — бу Ислом таълимотларининг асл моҳиятидандир. 

Аллоҳ таолонинг розилиги учун ҳаракат қилайлик, ҳалол меҳнат қилайлик, бир-биримизга ёрдам қилайлик ва фаровон жамият барпо этишда иштирок этайлик. 

Манбаълар асосида тайёрланди  
Ғиёсиддин Тожимирзаев, 
Учқўрғон туман “Бузрукхўжа эшон” жоме  
масжиди имом хатиби . 

Related posts