Ақидадан адашмайлик

АЛЛОҲ ТАОЛО МАКОНДАН БЕҲОЖАТ

АЛЛОҲ ТАОЛО МАКОНДАН БЕҲОЖАТ

Аллоҳ таолога макон исбот қилиш, У Зотга махлуқотларнинг сифатини бериш асри саодат ва унга яқин даврларда деярли учрамаган. Кейинчалик Карромия, Мушаббиҳа сингари фирқалар Аллоҳ таолнинг сифатлари ҳақида турли бўлмағур даъволарни кўтариб чиққан. 

Карромия ва Мушаббиҳа фирқалари Аллоҳ таолога макон тайин қилиб, У Зотни Аршнинг устида дейишган. 

Бугунги кунда ҳам мазҳабсизликни тарғиб қилувчи гуруҳлар ўзларини “Аҳли сунна вал жамоа” экани ва уларгина салафи солиҳларнинг издошлари экани ҳақида даъво қилиб чиқмоқда. Улар Қуръон ва ҳадисларда келган муташобеҳ сўзларни зоҳирий маъносини олиб, Аллоҳ таолони осмонда деб ёки Аршда жисмонан жой олиб ўтиради деб  (улардан: “Осмон ва Арш бошқа-бошқа махлуқотлар бўлса, У қандай қилиб бир вақтда ҳам осмонда ҳам Аршда бўлиши мумкин?”, деб сўрасангиз, албатта, асоссиз иддаолардан бошқа жавоб ололмайсиз), 

У вақти-вақти билан осмоннинг турли қаватлари бўйлаб ҳаракатланиб юради, Унинг ўзига мос чегаралари (улар “яратилмаган чегаралар” деган атама тўқиб олганлар) ва Унинг тарафи бор, жисмоний тана аъзолари - сурати, юзи, кўзи, қўли, оёғи ва бошқа жисмоний аъзолари бор, деган тажсим ақийдасини исботламоқчи бўладилар. 

Бу ақийдага фақат ўзларигина ишонсалар ҳам майли эди, лекин уни тасдиқламаган Аҳли сунна вал жамоанинг тўрт мазҳабига эргашган барча мусулмонларни куфр ва адашувда айблайдилар. Ҳолбуки, машҳур муҳаққиқ олим Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига оид асарларида шундай деганлар:

 

وَتَعَالَى عَنِ الْحُدُودِ وَالْغَايَاتِ وَالْأَرْكَانِ وَالْأَعْضَاءِ وَالْأَدَوَاتِ، لَا تَحْوِيهِ الْجِهَاتُ السِّتُّ كَسَائِرِ الْمُبْتَدَعَاتِ.

 

“У Зот чегаралар, ниҳоялар, бўлаклар, аъзолар ва асбоблардан олийдир. У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмайди”. (Ал-Ақида ат-Таҳовия" китоби) 

Имом Таҳовий яна бир ўринда эса мана бундай дейдилар:

 

وَمَنْ وَصَفَ اللَّهَ بِمَعْنًى مِنْ مَعَانِي الْبَشَرِ فَقَدْ كَفَرَ، فَمَنْ أَبْصَرَ هَذَا اعْتَبَرَ، وَعَنْ مِثْلِ قَوْلِ الْكُفَّارِ انْزَجَرَ، وَعَلِمَ أَنَّهُ بِصِفَاتِهِ لَيْسَ كَالْبَشَرِ .

 

“Ким Аллоҳ Таолони инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз куфр келтирган бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва бу каби куфр сўзлардан тийилади ҳамда Унинг сифатлари инсонларники каби эмаслигини билади”. (Ал-Ақида ат-Таҳовия" китоби) 

 

أَنَّهُ يَنْبَغِي لَهُ أَلَّا يُثبِتَ لَهُ تَعَالَى مَكَاناً وَلَا مَجِيئاً وَلَا ذَهَاباً وَلَا صِفَةً كَصِفَةِ الْمَخْلُوقِينَ، لِأَنَّ تَمَامَ الْإِيمَانِ أَنْ يَعرِفَ اللهَ تَعَالَى وَلَا يَشْتَغِلَ بِكَيْفيَّتِهِ

 

“Аллоҳ таолога маконни, “келиш”, “кетиш” ва махлуқотларнинг сифатларидан бўлган бошқа сифатларни исбот қилиш ярамайди. Чунки, иймоннинг мукаммал бўлмоғи – Аллоҳ таолони таниб, Унинг (сифатларининг) кайфияти билан шуғулланмасликдир”.

(Ал-Ҳаким ас-Самарқандий раҳимаҳуллоҳ. “Ас-Саводул аъзам ала мазҳабил Имомил Аъзам”, 66-бет).

Демак, соф ақида шуки, Аллоҳ  таолога нисбатан “қандай”, “қаерда” каби бандаларга нисбатан ишлатиладиган ҳолатлар қўлланилмас экан.

Ҳанафий мазҳабининг буюк олими Мулла Алий ал-Қори раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

بَلْ قَالَ جَمْعٌ مِنْهُمْ- أَيْ مِنَ السَّلَفِ- وَمِنَ الْخَلَفِ إِنَّ مُعْتَقِدَ الْجِهَةِ كَافِرٌ كَمَا صَرَّحَ بِهِ الْعِرَاقِيُّ، وَقَالَ: إِنَّهُ قَوْلٌ لِأَبِي حَنِيفَةَ وَمَالِكٍ وَالشَّافِعِيِّ وَالْأَشْعَرِيِّ وَالْبَاقِلَانِيِّ

 

“Салафлар ва халафларнинг барчаси (Аллоҳни маълум бир) тарафда деб эътиқод қилиш куфр эканлигини айтганлар. Ҳофиз Ироқийнинг таъкидлашича, албатта бу Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий, Ашъарий ва Боқилонийлар (раҳматуллоҳи алайҳим) сўзларидир”.

(Алий ал-Қори раҳимаҳуллоҳ “Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ”, 300-бет).

Имом Жаъфар Содиқ роҳматуллоҳи алайҳ (148-ҳижрий санада вафот этган) шундай деганлар:

 

مَنْ زَعَمَ أَنَّ اللهَ فِي شَيْءٍ، أَوْ مِنْ شَيْءٍ، أَوْ عَلَى شَيْءٍ، فَقَدْ أَشْرَكَ؛ إِذْ لَوْ كَانَ عَلَى شَيْءٍ لَكَانَ مَحْمُولًا، وَلَوْ كَانَ فِي شَيْءٍ لَكَانَ مَحْصُورًا، وَلَوْ كَانَ مِنْ شَيْءٍ لَكَانَ مُحْدَثًا .

 

“Кимики Аллоҳ таолони бирор нарса ичида, ё бирор нарсадан таркиб топган, ё бирор нарса устида деб ҳисоблаган бўлса, ширк келтирибди. Чунки У зот агар бирор нарсанинг устида бўлса, кўтариб турилган бўлиб қолади, агар ичида бўлса, чегараланган бўлиб қолади, агар бирор нарсадан таркиб топган бўлса янгидан пайдо бўлган бўлиб қолади”. Имом Қушайрий “Рисалатул Қушайрия”да келтирган.

Ўзларини салафи солиҳлар йўлида деб иддао қилувчи бемазхаб тоифалар гарчи Аллоҳ таолога макон нисбат бериб, оламга жар солсалар ҳам, уларнинг бу гап-сўзлари ботил эканлигини юқоридаги иқтибослардан билиб оламиз. 

Шу билан биргаликда юқорида “Аллоҳ осмонда”, “Аллоҳ Аршда жой олган!”, каби гапларни айтиш куфр бўлиши айтилган бўлса-да, уни айтувчини агар оят ва ҳадисларнинг зоҳирига суянаётган бўлса, кофир демаймиз. 

Бироқ, мана шу хилдаги гапларнинг куфр дейилишининг ўзиёқ чин мўъмин-мусулмон инсонни сергак торттириши, ўзи билмаган ҳолда имонсизлик чоҳига тушиб қолишдан жуда қаттиқ эҳтиёт бўлишга чақириши керак. Зотан, имон билан имонсизлик ораси гоҳида бир сўздир, холос. Тавфиқ Аллоҳдан.

 

Аҳмедов Муродилла , 
Наманган тумани “Отавалихон” жоме  
масжиди имом хатиби

Related posts