Таълим тарбия

ҚУРБОНЛИК ОДОБЛАРИ

ҚУРБОНЛИК ОДОБЛАРИ

Қурбонлик — Исломда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш, Унинг ризолигига эришиш учун адо этиладиган улуғ ибодатлардан биридир. Бу ибодат фақатгина ҳайвон сўйиш эмас, балки қалб поклиги, ният холислиги ва шариат одобларига риоя қилиш билан мукаммал бўлади.

  1. Ниятнинг холислиги

Аввало, қурбонлик қилувчи киши ўз амалини фақат Аллоҳ таоло учун ихлос билан бажариши лозим. Риё — яъни “кўрсин”, “эшитсин” деган ниятдан узоқ бўлиш ибодатнинг қабул бўлишида энг муҳим шартлардан биридир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: “Аллоҳга на уларнинг гўштлари, на қонлари етиб боради, балки Унга сизларнинг тақвоингиз етади.” (Ҳаж сураси, 37-оят)
2. Зулҳижжа ойида ўзини тийиш одоби

Қурбонлик қилишни ният қилган киши Зулҳижжа ойининг биринчи кунларидан то ҳайит куни қурбонлик қилгунига қадар соч-соқолини ва тирноқларини олмаслиги мустаҳаб саналади.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қачон сизлардан бирортангиз қурбонлик қилишни ирода қилса, Зулҳижжа ойи киргач, то қурбонлигини қилмагунча сочига ва тирноғига тегмасин.” (Имом Муслим ривояти)
3. Айбсиз ҳайвон танлаш

Қурбонлик учун танланадиган ҳайвон соғлом, айб ва нуқсонлардан холи бўлиши лозим. Кўр, чўлоқ, касал ёки заиф ҳайвонни қурбонлик қилиш шариатга мувофиқ эмас.

Қурбонликни ўз қўли билан қилиш

4. Қурбонликни имкони бор киши ўз қўли билан сўйиши мустаҳабдир. Агар бундай имконият бўлмаса, бошқа бир мусулмонга вакил қилиб сўйдириш ҳам жоиз ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қурбонликларини ўзлари бажарганлар ва умматларини бу амалга тарғиб қилганлар.

5. Қурбонлик вақтига риоя қилиш

Қурбонлик шариат белгилаган вақтда — ҳайит намозидан кейин ва Зулҳижжа кунларида амалга оширилиши лозим. Вақтдан олдин қилинган қурбонлик қабул қилинмайди.

6. Сўйиш одоблари

Ҳайвонни сўйишда ҳам шариат одобларига қатъий риоя қилиш керак. 

Жумладан: Пичоқни ўткир қилиш, лекин ҳайвон олдида эмас;

Бир ҳайвонни бошқа ҳайвон кўзи олдида сўймаслик;

Туяни тик турган ҳолда, чап олд оёғини боғлаб сўйиш;

Қорамол ва қўйларни чап томонига ётқизиб сўйиш;

Ҳайвонга азобни камайтиришга интилиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:“Аллоҳ ҳар бир ишда эҳсонни фарз қилди. Шунинг учун сўйганингизда ҳам эҳсон қилинг.” (Имом Муслим ривояти)
Хулоса
Қурбонлик — фақат ҳайвон сўйиш эмас, балки қалб поклиги, тақво ва Аллоҳга яқинликдир. Унинг ҳар бир одоби мўминнинг иймони ва ихлосини намоён этади.
Аллоҳ таоло барча қилган ибодатларимизни, жумладан қурбонликларимизни ҳам Ўз даргоҳида қабул айласин ва уларни ризолигига сабаб қилсин.
 

Ҳудойбердиев Муҳиббуллоҳ 
Тўрақўрғон туман бош имом хатиби

Related posts