ДИН ВА ДУНЁ ЎРТАСИДАГИ МУВОЗАНАТ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи Мунавварада муҳожирлар билан ансорларни бир-бирларига биродар қилиб қўйганларида, Салмон Форсий ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумо ҳам биродар бўлдилар.
Бир куни Салмон Форсий розияллоҳу анҳу биродари Абу Дардони зиёрат қилгани келди. Унинг рафиқаси Умму Дардонинг ҳолатини кўриб, ундан: — Сизларга нима бўлди? — деб сўради.
Умму Дардо: — Биродарингизнинг дунё билан иши йўқ! — деб жавоб берди.
У бу сўзлар билан эрининг ибодатга шу қадар берилиб кетганини, оиласига эса етарлича эътибор бермаётганини нозик киноя билан ифодалаган эди.
Салмон розияллоҳу анҳу биродарига насиҳат қилиб, унга шундай деди: «Роббингизнинг сизда ҳаққи бор, нафсингизнинг ҳам сизда ҳаққи бор, аҳлингизнинг ҳам сизда ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини беринг!»
Бу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказилганида, у зот: «Салмон тўғри айтибди», — дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
БИЗ ҚАЙСИ ТОМОНДАН ҲАДДИМИЗДАН ОШДИК?
Абу Дардо розияллоҳу анҳу охират амалларига берилиб, дунёвий масъулиятларини унутиб қўйиш хавфига дуч келган эдилар. Бугун эса айримлар дунё ташвишларига шу қадар чуқур шўнғиб кетишганки, охиратни эслашга ҳам вақт тополмайдилар.
Кимдир мол-дунё орттириш билан банд, кимдир мансаб ва обрў кетидан қувмоқда. Аммо шу орада оиласига меҳр беришни, фарзандларига вақт ажратишни ва Аллоҳ олдидаги бурчларини унутиб қўймоқда.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Охират диёрини истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин». (Қасас сураси, 77-оят).
Демак, мусулмон киши охиратга тайёргарлик кўриши билан бирга, дунёдаги масъулиятларини ҳам адо этиши лозим. Ибодат оилага бефарқ бўлишга, дунё ташвишлари эса Роббини унутишга сабаб бўлмаслиги керак.
ОИЛА — ОМОНАТ
Оилавий ҳаётда эр ҳам, хотин ҳам бир-бирининг ҳақ-ҳуқуқларини унутмаслиги лозим. Турмуш ўртоғининг меҳрга, эътиборга ва оилавий яқинликка бўлган эҳтиёжларини менсимаслик муносабатларга совуқлик олиб келиши мумкин.
Ҳар бир муаммони жанжал билан ҳал қилиб бўлмайди. Баъзан бир оғиз ширин сўз, бироз эътибор ва самимий суҳбат кўплаб келишмовчиликларни бартараф этади.
Умму Дардонинг эри ҳақидаги гапи ҳам бизга ҳикматни ўргатади: инсон бошқаларнинг камчилигини ошкор қилишга шошилмасдан, муаммони одоб билан ҳал қилишга ҳаракат қилиши керак.
ХУЛОСА
Азиз биродарлар, ўзимиздан сўрайлик: дунё деб охиратни унутиб қўймадикми? Ёки яхши амал қиламан деб, зиммамиздаги инсонларнинг ҳаққини адо этмай қўймадикми?
Ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққи бор. Ота-она, фарзанд, турмуш ўртоғи ва жамият олдидаги масъулиятларимиз ҳам бизнинг зиммамиздаги омонатлардир.
Дунёга берилиб охиратни унутманг, охиратни деб дунёдаги масъулиятларингизни ҳам тарк этманг. Ибодатда ихлосли, муомалада меҳрибон, оилада масъулиятли бўлинг.
Зеро, ҳақиқий гўзаллик — фақат ибодатда эмас, балки ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини беришдадир.
Бир-биримизнинг йўл азобини енгиллатайлик!
Муҳиббуллоҳ Худойбердиев,
Тўрақўрғон туман бош имом-хатиби