Таълим тарбия

САБР ҚИЛИБ, САВОБ УМИД ҚИЛИНГ

САБР ҚИЛИБ, САВОБ УМИД ҚИЛИНГ

Дунёнинг умри қисқа ва ҳолати ҳақирдир. Дунёдан бирор нарса сизга насиб қилмаган бўлса, ҳафа бўлманг. Албатта, Аллоҳ таоло сизни нимадан маҳрум қилган бўлса, сабр қилганингиз ва савоб умид қилганингиз учун ўрнига яхшисини ато қилади. 

Ким дунё аҳлидан бўлган яхши кўрган кишиси - онаси, отаси, боласи, ака-ука ёки опа-синглиси ўлимига сабр қилса, Аллоҳ таоло унинг эвазига Жаннатни беради. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: "Аллоҳ таоло айтади:" Мўмин бандам учун унинг дунё аҳлидан яхши кўрганини қабз қилсам, сўнг ундан савоб умид қилса (сабр этса) Менинг ҳузуримда фақат жаннат мукофоти бор" (Имом Бухорий ривояти). 

Ким фарзандининг ўлимига сабр қилиб, Аллоҳ таолодан савоб умид қилса, унга жаннатда "Ҳамд уйи" бунёд этилади. 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:" Агар банданинг боласи вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига: "Бандамнинг боласини жонини олдиларингми?" Улар: "Ҳа", дейдилар. У зот: "Унинг қалби меваси жонини қабз қилдиларингми?" дейди. Улар айтишади: "У сенга ҳамд айтди ва истиржоъ айтди". Шунда Аллоҳ таоло: "Бандам учун жаннатда бир уй қуринглар ва уни "ҳамд уйи" деб номланглар", дейди" (Имом Термизий ривояти). 

Агар сиз фақир камбағал бўлсангиз, юрагингиз сиқилмасин. Чунки Аллоҳ азза ва жалла бойлардан беш юз йил олдин сизни жаннатга киритади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: "Мусулмоннинг фақирлари Жаннатга бойларидан (Охиратдаги) ярим кун олдин кирадилар. У беш юз йилдир" (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти). 

Агар сиз дунёда ситам, балолар ва кўп нарсалардан маҳрум ҳолда яшасангиз, сабр қилинг ва Аллоҳ таолодан марҳамат тиланг. Чунки Аллоҳ азза ва жалла Жаннатга киришингизни дастлабки лаҳзасидаёқ барчасини унуттириб юборади. 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Дўзах аҳлидан бўлган, дунёда ҳисобсиз ноз-неъматлар берилган бир киши олиб келиниб, дўзахга бир ботириб олинади-да, ундан: 

Эй одам боласи (дунёда) бирор яхшилик кўрганмисан? Сенга дунёда бирор неъмат берилганми? -деб сўралади. У:

Аллоҳга қасамки йўқ, эй роббим, -дейди. Кейин Жаннат аҳлидан бўлган, дунёда энг кўп қийналган киши олиб келиниб, бир марта Жаннатга киргизиб чиқарилади-да сўнгра ундан: 

Эй одам боласи, бирор қийинчилик кўрганмисан? -дейилади. У: 

Йўқ, Аллоҳга қасамки, эй Роббим, мендан ҳеч машаққат ўтмади ва умуман машаққат кўрмадим, дейди " (Имом Муслим ривояти). 

Дўзахдаги азоб кучлилигидан унда бир неча йил эмас, юз йил ҳам эмас, ўн йил, ҳатто бир йил ҳам эмас, бир лаҳза ботириб олинган одам дунёдаги барча лаззатларини унутиб юборади. Сабр қилиб, қийинчилик кўрса-да, ҳаром йўлга юрмаган, Робби розилиги учун шайтон ва нафснинг айтганини қилмаган мўмин эса Жаннатга кириб қайтиб чиқса ҳам дунёдаги барча қийинчилик, машаққат ва қора кунларини унутиб юборади. 

Агар сиз дунёда солиҳа аёлдан маҳрум бўлсангиз, сабр қилиб, имон ила вафот этсангиз, Аллоҳ унинг эвазига Жаннатда ҳурларни беради. 

Шунингдек, дунёда нимадан маҳрум бўлсангиз, Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандалари учун тайёрлаб қўйган Жаннатида маҳрум бўлган нарсангиз ўрнига ундан-да афзал ва боқийроғини ато қилади. Фақат бир шарти бор, у ҳам бўлса сабр қилиш. 

Дунё аҳли эса оёғининг остинигина кўради, дунёдан бошқаси кўзларига кўринмайди. Агар улардан бири дунё лаззатларидан бирини йўқотса, гўё махзунлик, алам ва ҳасратда ўтади. Чунки у дунёдан бошқасини кўрмайди. 

Аллоҳ таоло мўмин бандаси бирор ҳаромдан тийилса, дунёнинг ўзида ҳам унга ўша неъматдан афзалини ато қилади. Охиратда эса Ўзининг розилиги ва Жаннати билан хурсанд этади. Мўмин бандани Парвардигори ҳеч қачон ёлғиз ташлаб қўймайди. Оз муддат маҳрумлик эвазига улкан ато-ҳадялар беради. 

Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шаҳар "Ғойибберди махдум" жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts